«Торино» Шомуродов трансфери бўйича музокараларни давом эттирмоқда

Италиялик инсайдер Николо Ширанинг маълумотига кўра, «Торино» «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродовга қизиқишни сақлаб қолмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жозе Моуриньонинг режаларидан ўрин олмаган ва Турин клуби бу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи.

Римликлар жамоасининг Шомуродов билан шартномаси 2026 йилга қадар тузилган. Transfermarkt футболчининг трансфер қийматини етти миллион еврога баҳолаган.

Ушбу 27 ёшли форвард 2020-2021 йиллар мавсумида Италиянинг бошқа бир жамоаси «Женоа» сафида тўп суриб, 31 ўйинда 8 гол уришга эришган. У 2021 йил ёзида «Рома» сафига келиб қўшилганди, аммо ўтган вақт мобайнида асосий таркибдан ўрин эгаллай олмади ва жами 34 ўйинда 3 гол уриш билан кифояланди.

Асенсио — «Барселона»га ўтадими?

Марко Асенсио. Фото: Global Look Press

AS нашри маълумотига кўра, «Реал» яримҳимоячиси Марко Асенсио «Барселона» сафида пайдо бўлиши мумкин. Каталонлар клуби унинг шартномаси узайтирилиши бўйича вазиятни кузатиб бормоқда: унинг Мадрид клуби билан амалдаги келишуви 2023 йил июнига қадар тузилган, аммо келишувни узайтириш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

Transfermarkt Асенсионинг трансфер қийматини 25 миллион еврога баҳолаган. Айни вақтда 26 ёшда бўлган ҳавбек муқаддам «Мальорка» ва «Эспаньол» (ижара) клубларида тўп сурган. 2015 йилдан «Реал» аъзоси ҳисобланади. Жорий мавсумда Ла Лиганинг 9 ўйинида иштирок этиб, 1 гол урди ва 2 голга узатма берди.

Фелиш «Атлетико»дан кетиши мумкин

Жоау Фелиш. Фото: Global Look Press

«Атлетико» ҳужумчиси Жоау Фелиш фаолиятини Англияда давом эттириши мумкин. Daily Mirror хабарига кўра, 23 ёшли футболчига АПЛнин бир қанча топ-клублари даъвогарлик қилмоқда. Хабар қилинишича, мадридликлар португалиялик футболчини мавсум охирига қадар ижарага беришга ҳам тайёр, аммо бу ҳолатда 8 миллион фунт стерлинг миқдорида товон пули талаб этилади.

Фелишнинг «Атлетико» билан шартномаси 2026 йил ёзига қадар тузилган. Transfermarkt унинг трансфер баҳосини 50 миллион еврога баҳолайди.  У жорий мавсумда Диего Симеоне жамоасида захира футболчисига айланиб қолди. Шу билан бирга, Испания чемпионатининг 12 ўйинида иштирок этиб (асосан захирадан майдонга тушган, бошланғич таркибда тушган ўйинларида тўлиқ ўйнамаган), 3 гол урган ва 3 голга узатма берган.