Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу вазирликнинг кенгайтирилган йиғилишида мамлакат армиясида кенг ислоҳотлар ўтказилишини маълум қилди. Бу воқеа ўз-ўзидан Россия ҳарбий қўмондонлигининг Россия-Украина уруши даврида йўл қўйган, бутун дунё кўрган хатоларини амалда тан олишидир.
Шойгунинг ҳисоботининг бир нечта қисми армия сонининг яқинлашиб келаётган кўпайишига бағишланган (Украина билан жанг қилиш учун унинг сони камлиги кўриниб қолди).
— Армиядаги ҳарбий хизматчиларнинг (шартнома бўйича хизмат қилаётганлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ва сафарбар қилинганлар) максимал миқдори 1 миллион 150 мингдан бир ярим миллионга оширилиши белгиланди. Август ойида ҳам Путин армия сонини 140 мингга кўпайтирганди. Шу тариқа, Украинадаги уруш бошлангандан буён Россия армияси сони жами деярли 490 мингга кўпайтирилди.
— Шартнома бўйича хизмат қилувчи ҳарбий ходимлар сони 290 мингга кўпайтирилиб, 695 мингга етказилиши белгиланди. 2022 йил охиригача, Россия армиясида 521 минг шартномавий ҳарбий хизматчилар бўлиши ва Шойгунинг сўзларига кўра, улар сафарбар қилинганларни қисман алмаштириши режалаштирилди (вазир алмаштириш механизми қандай бўлишини айтмаган).
— Бешта янги мотоўқчи ва десант дивизияси ҳамда армия корпуси тузиш, шунингдек, дивизия таркибига ўндан ортиқ бригадаларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди (бу улардаги ҳарбий хизматчилар сони икки-уч баравар кўпайишини англатади). Шунингдек, бир нечта янги авиация полклари ва бригадалари ҳамда бешта янги артиллерия дивизиясини ташкил этиш режалаштирилди.
Кўриниб турибдики, Россия Федерациясининг ҳозиргача сафарбар қилинган фуқаролари ва ислоҳотлардан кейин шартнома бўйича аскарликка олинганлар айнан шу янги бўлинмалар таркибига киради. Ҳозирда мавжуд бўлинмалар, ҳатто уларнинг штати кўпайтирилган тақдирда ҳам юз минглаб янги аскарларни ўзлаштира олмайди.
Бундан ташқари, чақирув ёши ҳам «босқичма-босқич» ўзгартирилади. Чақирув ёши 18 дан 21 ёшга оширилади, бироқ чақирув ёши чегараси 27
ёш ўрнига 30 ёш этиб белгиланади. Бу ғоя қандай амалга оширилиши ҳозирча номаълум.
Ҳозиргача сафарбар қилинган 300 минг киши Шойгу айтган 490 минг кишидан кам. Демак, сафарбарликнинг янги тўлқини юз берадими?
Шойгунинг баёноти буни бевосита англатмайди. Чунки гап армиянинг ҳақиқий сони ҳақида эмас, балки максимал миқдори ҳақида кетмоқда. Армиянинг максимал миқдори эса ташкилий ва ҳисоб-китоб ўлчови бўлиб, у ҳукумат армия хизматчиларининг харажатларини (ҳарбий маошлар, имтиёзлар, нафақалар, озиқ-овқат, кийим-кечак, техника ва бошқалар) молиялаштириш учун қанча маблағ ажратиш кераклигини билиши учун лозим. Бошқача айтганда, яқин келажакда Россия армиясида ҳақиқатан ҳам бир ярим миллион киши хизмат қилиши факт эмас.


















