29 декабр куни тонгда Россия армияси яна бир бор Украина ҳудудларини ёппасига ўққа тутди. Мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳаво тревогаси янграган. Ҳужум арафасида Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович барча бир неча тўлқинда 100 га яқин ракета учиб келишига тайёрланаётганини айтганди. Кейинроқ унинг ҳамкасби Михайло Подоляк Украина ҳудудига 120 ракета ҳужум қилганини айтиб чиқди. Отишмалар якунлангач эса Украина қуролли кучлари Бош штаби ракеталар сони 69 та бўлганини маълум қилди. Миколайив области раҳбари Виталий Кимнинг сўзларига кўра, Украина ҳудудига ракеталардан ташқари Эрон дронлари ҳам ҳужум қилган. Украина ҳудуди бундан аввал охирги бор 16 декабр куни ёппасига ўққа тутилганди.

Киев, Лвив, Харкив, Одесса ва Ивано-Франковск областларида вайронгарчиликлар кузатилган. Киев маъмурияти маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширган ракета парчалари қулаши оқибатида иккита хусусий бино ҳамда уларнинг ёнидаги автомобил шикастланган, уч киши жароҳатланган (улар орасида 14 ёшли қиз ҳам бор). Шунингдек саноат корхонаси ва болалар майдончаси шикастланган.

Лвив мэри Андрей Садовойнинг маълум қилишича, ҳужумлардан кейин шаҳарнинг 90 фоиз қисми токсиз қолган, ичимлик суви таъминотида ҳам узилишлар кузатилиши мумкин. Харкив ва Одесса областларида критик инфратузилма объектларига зарбалар келиб тушган. Шунингдек, Одесса ва Ивано-Франковск областларида, Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, ракета қолдиқлари турар жой бинолари устига тушган, талафот кўлами аниқлаштирилмоқда.

Киевда 29 декабр кунги ҳужумлар вақтида ракета келиб тушган турар жой биноси
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украина ҳарбийлари ҳисоб беришича, учирилган 69 ракетадан 54 тасини уриб туширишга муваффақ бўлинган. Киев шаҳри мэри ва шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, шаҳар томон учирилган 16 та ракетанинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали тутиб қолинган. Шунга қарамай, отишмалардан кейин истеъмолчиларнинг 40 фоизи электр таъминотисиз қолган. «Бу ҳаво тревогалари чоғида энергетиклар томонидан қабул қилинган хавфсизлик чоралари», — дея изоҳ берган Киев раҳбари Виталий Кличко.

Украинанинг бошқа регионларида ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган. Хусусан, Миколайив областида бешта ракета, Одесса устида — 21 та ракета уриб туширилган, аммо ушбу областда энергетика инфратузилмаларига зарба келиб тушиши оқибатида электр энергиясини фавқулодда ўчириш чоралари кўрилган. Украина темирйўллари хабар қилишича, худди шу сабаб туфайли бир қанча областларда поездлар қатнови кечиктирилган. Бир қанча областларда йўқотишларни минималлаштириш мақсадида олдиндан электр энергиясини ўчириш ишлари амалга оширилган.