Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хи Санг Тошкент Кимё халқаро университетига борди. Меҳмонни университет ректори Жонпўлат Худойбергенов кутиб олди. Учрашувда элчига Жанубий Корея университетлари ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳамда “Ўзбекистон-Корея” дўстлик жамияти фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг элчи университет талабалари учун, “Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ҳозири ва келажак истиқболлари” мавзусида тақдимот қилди. Талабалар тақдимотдан сўнг Кореяда таълим, грант ва қўшма дастурларга оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

“Ўзбекистондаги 16та ОТМда 3 мингга яқин талабалар корейс тили ва Корея давлати ҳақида ўрганишмоқда. Тошкент кимё халқаро университети ҳам намунали тарзда корейс тили кафедрасини юритмоқда.

Бу йил Ўзбекистон ва Корея дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигини нишонламоқда. Ўтган даврдаги ютуқларга таяниб келгуси 30 йиллик режалар ҳақида изланишимиз керак деб ўйлайман. Кейинчалик ҳам соғлиқни сақлаш, таълим, IT, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик янада кенгайиб боришига ишонамиз”, - деди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хи Санг.

Университетнинг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари: