Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги спикери Юрий Игнат украин телемарафони эфирида Россиядан учирилган барча дронлар уриб туширилгани ҳақида айтган.
«Бу жуда жиддий натижа. Осмон ишончли ҳимоя остида эканини кўриб турибмиз», деган у.
«NASAMS ҳарбийларимизнинг ўқларини отишга базўр улгурди. Айтиш мумкинки, ҳеч ким ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан фойдаланишда бундай тажрибага эга эмас: жанг вақтида комплексни қайта ўқлаш ва ҳаво нишонларини йўқ қилиш. Бу шуни англатадики, уларнинг сони бизда кам. Ракеталар бор, яна ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак», дея қўшимча қилган Игнат.
Ҳарбийлар маълумотига кўра, 13 та дрон 2022 йилнинг охирги соатларида, 32 таси эса - 2023 йил кириб келганидан кейин уриб туширилган.
Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг маълумотига кўра, дронлар ҳужуми вақтида 50 киши яраланиб, икки киши ҳалок бўлган.
Киев области маъмурияти раҳбари Алексей Кулеба ўз телеграм-каналида Россия дронлари мақсади энергетика инфратузилма объектлари бўлгани ҳақида ёзди.
«Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Инфратузилма объектлари шикастланган. Бутун тун бўйи жойларда фавқулодда хизматлар иш олиб борди», - дея ёзади Кулеба.
Киев области миллий полицияси раҳбари Андрей Небитов эълон қилган фотосуратда уриб туширилган дронда рус тилида «Янги йил билан» («С Новым Годом») ёзуви акс этганини кўриш мумкин.

Дастлабки маълумотларга кўра, Киевда қурбонлар ва жабрланганлар бўлмаган.
«Тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг заргарона иши янада яққол кўринади. Энди мен биламанки, агар осмонда ёрқин чақнаш бўлса - барчаси жойида, агар пастроқда кичик чақнаш бўлса - фалокат бўлиши мумкин», дея Киевга тунги ҳужумни тасвирлайди маҳаллий аҳоли вакили Виктория Волонтырец. «Ёрқин чақнашлар кўп эди, учқун эса - фақат бир марта бўлди. Мен тунда ўрнимдан ирғиб турдим, чунки жуда баланд овозлар эшитилар ва ҳаммаёқ ёришиб кетганди», дея қўшимча қилади у.
Шу билан бирга, Украинанинг Донецк областининг босиб олинган қисми ҳукумати Украина армияси томонидан берилган зарбалар ҳақида хабар берган. Уларнинг маълумотига кўра, янги йилга ўтар кечаси фронт чизиғидаги Донецк ва Макийивка шаҳарлари реактив ўт очиш тизимлари ва стволли артиллериядан ўққа тутилган.























