Франциянинг газ контейнерлари ишлаб чиқарувчиси Россияни тарк этяпти
GTT Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг сўнгги пакетларини ўрганиб чиққандан сўнг Россиядаги фаолиятини тўхтатди. Ушбу санкциялар Россия корхоналарига муҳандислик хизматларини кўрсатишни тақиқлайди.
Франциянинг GTT (Gaztransport & Technigaz) инжиниринг компанияси Россиядаги фаолиятини тўхтатди. Компаниянинг 2 январь, душанба куни чоп этилган пресс-релизида қарор Европа Иттифоқининг Украинага қуролли бостириб кириши туфайли Россияга қарши жорий қилган саккизинчи ва тўққизинчи санкциялар тўпламини чуқур таҳлил қилгандан сўнг қабул қилингани билан изоҳланади.
Ҳужжатда қайд этилганидек, 8 январдан бошлаб GTT Россиянинг «Звезда» юк ташиш компанияси билан 15 та муз парчаловчи тоифадаги газ ташувчини қуриш бўйича шартномани тўхтатади. Франция компаниясининг иштироки иккита «технологик жиҳатдан энг илғор» газ ташувчиси лойиҳаларини якунлаш билан чекланади. Шунингдек, компания Россиядаги лойиҳаларни буюртмалар рўйхатига киритмаслигини ҳам маълум қилди.
Шу билан бирга, пресс-релизда қайд этилишича, Осиёдаги кемасозлик заводларида Россиянинг Арктикадаги лойиҳалари учун олтита муз парчаловчи тоифадаги газ ташувчи ва иккита сузувчи нефть қазиб олиш, сақлаш ва тушириш блокларини қуриш бўйича бошқа буюртмаларни бажариш одатдагидек давом этмоқда.
2019 йил сентябрь ойида GTT Saren B.V. (Saipem нефть конлари сервис компанияси ва Туркиянинг Renaissance Heavy Industries ўртасидаги қўшма корхона) билан "Арктик СПГ-2" лойиҳаси учун учта ГБС (газни суюлтириш учун ускуналар ўрнатилган модуллар жойлаштириладиган платформалар) лойиҳалаш ва қуриш бўйича шартнома имзолади.
GTT суюлтирилган газни (СТГ) ташиш ва сақлаш учун криоген мембрана тизимларини ишлаб чиқиш ва қуришни лицензиялашга ихтисослашган.
Мавзуга оид
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
21:44 / 05.11.2024