Германияда газ танқислигини қоплаш учун кўмир ёқилғисида ишлайдиган электр станцияларидан фойдаланишнинг кўпайиши 2022 йилда иқлим ўзгариши бўйича мақсадларга эришишга тўсқинлик қилди. Бу ҳақда Agora Energiewende таҳлилий маркази томонидан 4 январь, чоршанба куни чоп этилган тадқиқотда айтилади.
Юқори нархлар туфайли умумий энергия истеъмоли деярли беш фоизга камайган бўлса-да, кўмир ва нефтдан фойдаланишнинг кўпайиши режалаштирилганидек иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтира олмади. Дастлабки маълумотларга кўра, чиқиндилар 761 миллион тоннани ташкил этди - бу 2021 йил билан деярли бир хил. Бу режалаштирилган ҳажмдан қарийб беш миллион тонна кўпдир.
Agora Energiewende раҳбари Зимон Мюллер ҳукмрон коалицияни бу йил ўзгаришлар қилишга чақириб: «Бу иқлим мақсадлари нуқтайи назаридан уйғониш қўнғироғи», деди. 2022 йилда CO2 ташланмалари 1990 йилга нисбатан 39 фоизга камайди, бу кўрсаткичлардан орқада қолиш ва ҳажм 40 фоизга камайган 2020 йилдан кам дегани. Германия 2030 йилгача ташланмаларни 65 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.
Agora маълумотларига кўра, қайта тикланадиган энергия 2022 йилда 248 тераватт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган, бу ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бўлиб, 2021 йилга нисбатан қарийб ўн фоизга кўпдир. Шамол энергетикаси муқобил электр энергиясининг энг йирик етказиб берувчиси бўлиб қолди. Шу билан бирга, қуёш электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 23 фоизга ошди. Бу қуёшли кунларнинг кўплиги, янги қуёш энергияси объектларининг жадал қурилиши туфайли ҳам содир бўлди.











