Жаҳон | 14:28 / 07.01.2023
12302
2 дақиқада ўқилади

Беларус мухолифати мамлакатда яқин орада сафарбарлик бошланишидан хавотирда

Сафарбарликни бошлаш учун деярли ҳамма нарса тайёр, Лукашенко Кремль буйруғи бўйича тугмани босиши кифоя, деб маълум қилди Павел Латушко немис ОАВга.

Павел Латушко / Фото: DW

Беларус ҳукумати яқин вақт ичида Украинага қарши урушда Россияга фаол ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун сафарбарликни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Redaktionsnetzwerk Deutschland нашрига берган интервьюсида беларуслик мухолиф сиёсатчи Павел Латушко билдирди. Ушбу суҳбатдан иқтибослар 7 январь, шанба куни чоп этилган. Латушконинг сўзларига кўра, сафарбарлик учун деярли ҳамма нарса тайёр, Беларус раҳбари Александр Лукашенко Кремлдан келган буйруқ билан тугмачани босиши кифоя.

Павел Латушко Минскдаги манбаларга таяниб, Беларус ички ишлар органлари ходимларининг аксарияти паспортларини топширишга мажбур бўлганини маълум қилди. Бундай маълумотлар мамлакатнинг турли шаҳарларидан келган. «Бу улар сафарбарлик бўлган тақдирда мамлакатни тарк эта олмаслигини билдиради», деб тушунтирди мухолифатчи. Бундан ташқари, унинг қўшимча қилишича, Беларусда рус аскарлари сони ҳам, Россиянинг ҳарбий техникаси ҳам кўпаймоқда ва машғулотлар мунтазам равишда Россия қўшинлари томонидан алоҳида ва Беларус бўлинмалари билан биргаликда ўтказилмоқда. 

Беларус Мудофаа вазирлиги бир кун аввал мамлакатга россиялик аскарлар ва ҳарбий техникадан иборат яна бир эшелон келгани ҳақида хабар берган эди. Шу куни Лукашенко Брест вилоятидаги Обуз-Лесновский полигонига ташриф буюриб, у ерда Беларус ва Россия қўшинларининг минтақавий гуруҳи бўлинмалари ва қўшинларининг жанговар мувофиқлаштириш ишлари якунлангани ҳақидаги ҳисоботларни тинглади. Украина Россия Киевни эгаллашга уриниб, Беларус ҳудудидан навбатдаги ҳужум уюштириши мумкинлигидан хавотирда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид