6 январ куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 3-мактабда тўгараклар ўтказилаётгани, агар бу тўгараклардан ҳисобот учун суратлар олиб ташланмаса, кескин чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақидаги скриншот тарқалди.

Ҳолатдан норози бир фуқаро тумандаги ҳамма мактабларга шундай буйруқ берилаётганини айтган.

«Таътил нимага узайтирилди ўзи? Ҳамма жойда бир хил топшириқ беришяпти. Шу совуқда тўгарак ўтиш керак экан. Ундан кўра, вазирлик таътилни узайтирмагани яхши эмасмиди? Нимага бундай майнабозчилик қилишяпти? ХТБлар ҳар куни мактаблардаги тўгаракларни текширяпти. Вазирликка айтинг, чек қўйишсин бундай кўзбўямачиликка. Ҳамма ерда шу ҳолат», – дейди у.

Kun.uz ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғланди. Унинг айтишича, бундай машғулотларни ўтказиш бўйича вазирлик ҳеч қандай топшириқ бермаган. 

«Вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари – Болалар кутубхонаси, «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан барча лойиҳалар онлайн тарзда ташкил этилмоқда. Ҳукуматнинг тегишли йиғилиш баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қишки таътил давомида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида китоб мутолаасини оширишга қаратилган онлайн интеллектуал викториналар, радио эшиттиришлар ҳамда телекўрсатувлар намойиш этилиши кўзда тутилган», – дейилади вазирлик матбуот хизмати берган изоҳда.

Шунингдек, узайтирилган қишки таътил кунларида мактабларда ўқувчилар иштирокида тўгараклар ташкил этилмаслиги, бу жараён ҳудудий бўлинмалар ҳамда вазирлик таркибидаги барча таълим муассасалари раҳбарлари томонидан шахсий назоратга олиниши сўралди.

Ғиждувон ХТБ (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бўлими) мудири Мухтор Файзиевга кўра, суратлар ташланмаса, чора кўрилиши бўлим ходими томонидан айтилган.

«Баъзи мактаб маънавиятчилари расм ташлаб беришни ҳам қилмаётганди. Бу мажбурий эмас эди, ўринбосарим ўқитувчи ишлаётгани, ўқувчи келаётгани акс этган оддийгина расмни ташлаб бермаган маънавиятчи педагогларга ёзган.

Энди бу тизимда назорат деган нарса ҳам бор-ку. Болани тадбир давомида назорат қилмасак, шу вақтда жароҳат олиб қолсачи? Шунчаки маълумотга эга бўлиш мақсадида айтилганди, бошқа мақсадимиз йўқ эди. Ходимимиз янги, ишга келганига 1 ой бўляпти. Уни чақирдик, тушунтириш хатини олдик. Лекин ўзи жуда билимли, яхши кадр. Ҳамма ҳам хато қилади, шу хатоси учун ишдан ҳайдаб юборсак, қандай бўлади энди» – деди у.