Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз ўринбосарлари ва қатор идоралар бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказди. 

Унда Тошкент шаҳрига кескин совуқ об-ҳавонинг кириб келиши муносабати билан ҳар қандай талафотнинг олдини олиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Жумладан: 

— аномал совуқ 9-18 январ кунларида шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан онлайн шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланади;

— вазиятларни бошқариш юзасидан топшириқлар телефон ва онлайн алоқа тизимлари орқали тўғридан-тўғри берилади;

— қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилиши назоратга олинади;

— озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлаши таъминланади;

— шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чоралари кўрилади;

— марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалаш ташкил қилинади;

— бошқарув сервис компаниялари томонидан кўпқаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалаш таъминланади;

— электр тизимида авариялар тезкор бартараф этилади;

— туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминоти алоҳида назоратга олинади, улардаги электр генераторлари ёқилғи билан таъминланади, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтирилади;

— фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2 кун муддатда жамоат жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қайта кўрик-назорат тадбирлари ўтказилиши таъминланади;

— аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиш ва имкон қадар шахсий транспорт воситасидан фойдаланмаслик тавсия этилади;

— навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлаши назоратга олинади;

— 2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликлар тўлдирилади;

— кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимлари иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминланади.