АҚШда Bradley жуда кўп. Фото: REUTERS

4 январ куни президент Жо Байден «АҚШ Украинага Bradley зирҳли машиналарини етказиб беришни кўриб чиқяптими ёки йўқ?» деган саволга ижобий жавоб берди ва унинг маъмуриятидаги расмийлар зирҳли транспорт воситалари шу ҳафта эълон қилинадиган янги қуроллар пакетига киритилиши мумкинлигини маълум қилди.

Associated Press нашри хабарига кўра, Bradley’ларни етказиб бериш ҳақидаги қарор 6 январ куниёқ эълон қилинади ва Украина «бир неча ўнлаб» зирҳли автомобилларни олади. Reuters нашри манбаларига кўра эса янги ҳарбий ёрдам пакетида элликка яқин Bradley бўлади ва уларнинг умумий қиймати 2,8 миллиард долларни ташкил қилади.

Худди шу куни (4 январ) Франция ҳам Украинага АМХ-10РC енгил, ғилдиракли танклари ва «Бастион» бронетранспортёрларини етказиб беришини маълум қилди. Президент Макрон девони хабар беришича, бу Украинага биринчи марта Ғарбда ишлаб чиқарилган замонавий танклар етказиб берилиши бўлади.

Leopard 2 танки. Фото: REUTERS

Германия эса Украинага Leopard танкларини юборишга шошилмаяпти, ваҳоланки, бу борада ўтган йил баҳоридан буён музокаралар олиб борилмоқда ва Киев уларни бир неча бор қайта-қайта сўради. Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабекнинг сўзларига кўра, аввало иттифоқчилар билан Украинага танк етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш ва бу муҳокамалар натижаларига кўра қарор қабул қилиш тўғри бўлади.

Аммо Германияда ҳамма ҳам бундай эҳтиёткор ёндашувни қўллаб-қувватлагани йўқ. Бундестаг мудофаа қўмитаси раҳбари Мари-Агнес Страк-Зиммерманн 5 январ куни ҳукуматни Украинага танклар етказиб бериш бўйича ўз позициясини қайта кўриб чиқишга чақирди ва шу билан бирга, Киевга Marder пиёдалар жанговар машиналарини (ПЖМ) юборишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, Бундесвер омборларида бундай машиналар етарлича.

5 январ куни оқшомда Германия канцлери Олаф Шольцнинг идораси Берлин ҳақиқатан ҳам Украинага Marder ПЖМ юбориш ниятида эканини тасдиқлади.

Ғарб типидаги ҳужум бронетехникаларининг Киевга биринчи марта етказиб берилиши, аллақачон илғор қуроллар, жумладан, узоқ масофага аниқ зарбалар беришга қодир бўлган оғир артиллерия ва ракета тизимлари (масалан, HIMARS) олаётган Украина армиясини кучайтиришда янги муҳим қадам бўлади.