Жамият | 13:12 / 08.01.2023
27541
5 дақиқада ўқилади

Азобда ўтган 15 йил. Ёлғиз ўғли қайтишини кутаётган ота-она

Фарғона вилояти Риштон тумани Пандигон қишлоғидаги хонадонлардан бирида 15 йилдирки ҳаловат йўқ. Оиланинг ёлғиз ўғли Соҳибжон Жалилов 2007 йилда ишлаш учун Қозоғистонга кетган эди. Орадан шунча вақт ўтса-да, у қайтмади. Отаси Солижон ака 2-3 марта ўғлини қидириб, қўшни давлатга борди. Лекин уни топа олмаган. Ота-она ҳамон фарзанди қайтишини кутиб яшамоқда.

“Ўғлим, ортингга қайт. Кексайиб қолдик...”

Мамлакат Мадолимова, бедарак кетган ўғилнинг онаси:

“Ўғлим Соҳибжон 1982 йилда туғилган. Отасига ёрдам бераман деб 2007 йилда Қозоғистонга чиқиб кетган эди. Шундан бери уни кутиб яшаймиз. Орада икки синглисини турмушга узатдик.

Мамлакат Мадолимова

Ўғлим мусофир юртга кетгач, дом-дараксиз йўқ бўлиб кетди. 10 йил деганда бирдан қўнғироқ қилиб, яхши юргани ҳақида гапирди. У билан 2017 йилдан то 2018 йил январгача, яъни 5 ой давомида телефон орқали гаплашиб юрдик. Шундан кейин яна дом-дараксиз кетди. Алоқалар узилди. Соҳибжонга ёшимиз бир жойга бориб қолгани, ватанга қайтиши шартлигини айтиб вазиятни тўғри тушунтирдим. Тунда ҳамма ухлайди. Лекин менда уйқу йўқ. Ёстиққа бош қўйган заҳотим ўғлим ҳақида ўйлайман. Ичим эзилади. Наҳот бу дунёдаги ишонганим, суянчиғим бизни унутиб юборган бўлса?!

Соҳибжон Жалилов, суратда чапда

Ўғлим ювош, содда, қўй оғзидан чўп олмаган йигит эди. Тиббиёт коллежида таҳсил олганди.

Охирги марта қўнғироқ қилганида пулинг йўқ бўлса бу ердан жўнатайлик, уйланиб олган бўлсанг ҳам минг марта розимиз, келин ва болаларни бирга олиб кел деб айтгандим. Бу гапимга жавобан у пули етарли экани, бир кун келиб қайтиши ҳақида гапирди. Синглисига қўнғироқ қилиб, гап орасида паспорти йўқлигидан Қозоғистонни тарк эта олмаётганини айтган экан.

Охирги марта қўнғироқ қилганида Ҳайит байрами эди. Қўлимда капгир, ош пишираётган эдим. Капгирнинг қозонга урилган товушига телефонни яқинлаштириб, ош қиляпман, қозоннинг сасини эшитяпсанми дедим. Ўғлим “Онажон, ошингизни соғиндим”, дея йиғлаб юборди. У юртига қайтишни чин дилдан хоҳлаётгани, лекин қандайдир куч қайтишига тўсқинлик қилаётгандек туюлиши ҳақида антиқа гапларни гапирди.

Турмуш ўртоғим зурриётимизни қидириб Қозоғистонга бир неча марта бориб келди. Лекин афсуски уни топа олмади. Ўғлимни топишда ёрдам беришларини сўраб ИИБ ва бошқа тегишли идораларга мурожаат қилдим. Натижа бўлмагач, ҳафсалам пир бўлди”. 

“Онаси туни билан йиғлаб чиқади”

“Ўғлим авваллари Қозоғистонда мавсумий ишлаб, кеч кузда уйга қайтиб келарди. 2007 йилда кетди-ю ҳеч бир сабабсиз шу билан қайтмади. Кейин эса телефондаги алоқалар ҳам узилди.

Солижон Мадолимов, бедарак кетган ўғилнинг отаси

Қишлоқдош дўстлари уни Қарағанда вилоятида учратиб қолишган экан. Уни дараклаб ўша ерга бордим. Қарағандада уни кўрган билганлар Темиртоу шаҳрида дейишди. ИИБ базасидан ўғлимнинг исм-шарифи чиқмади. ИИБдагилар у ноқонуний юргани учун ҳам рўйхатдан чиқмаганини айтишди.

Темиртоу шаҳрида Тоҳир деган бола билан учрашдим. У ҳам ишлаб оила қуриб мусофир юртда қолиб кетганлардан экан. Тоҳир ўғлим Соҳибжонни 7-микрорайонда, “Горка Дружба” деган жойда кўриб туришини айтди.

Айтилган манзилга бориб, дўкон сотувчисига ўғлимнинг суратини кўрсатдим. Сотувчи суратга бироз тикилиб, танишлиги, баъзида дўкондан нон харид қилиб туришини айтди.

Дўконга яқин кафе ишчисига ҳам ўғлимнинг суратини кўрсатдим. У суратни кўрибоқ “Соҳиб-ку, уни танийман кафега келиб туради”, деди. Кафе ишчисидан ўғлимнинг телефон рақамини сўраб олдим. У билан ҳамроҳим телефон орқали гаплашди. Унинг овозини аниқ эшитдим. Лекин уни топа олмадим.

Телефон рақамини онасига дарҳол жўнатдим. Улар маълум муддат гаплашиб туришди. Шу билан ўғлим телефонини ўчириб қўйди. Яна дом-дараксиз кетди.

2017 йилда бирдан ўзи қўнғироқ қилиб қолди. Унга манзилингни айт, бориб олиб келаман дедим. Соҳибжон бироз ишлаб пул йиғиб, кейин келишини айтди. Орадан 5 ой ўтиб яна дам-дараксиз кетди.

Орада пандемия бўлиб, бора олмай қолдим. Ёрдам беришларини сўраб ИИБга 5-6 марта мурожаат қилдим. Лекин натижа бўлмади.

Кимдир ўғлим уйланиб олгани, бир қизи борлиги ҳақида айтди. Охирги марта қўнғироқ қилганида келин қайси миллат бўлишидан қатъи назар оиланг билан уйга қайт, биз розимиз дедик. Лекин у уйланиб олганини бирор марта тан олмади.

70 ёшга кирдим. Шу ёшимизда ғам-андуҳга ўралашиб қолдик. Турмуш ўртоғим туни билан йиғлаб чиқади. Ғам-ғусса ортидан бир қанча касалликларни орттириб олдик”, – дейди бедарак кетган ўғилнинг отаси Солижон Мадолимов.

Соҳиб Жалилов

Соҳиб Жалиловни Қарағанда вилояти Темиртоу шаҳрида кўришган. Ота-онаси тегишли ташкилотлардан ўғлининг топилишида амалий ёрдам беришни сўрамоқда. 

Соҳиб Жалиловни кўрган ва билган Қозоғистондаги ҳамюртларимиз +998916588543 ёки +998916890885 рақамларига қўнғироқ қилишлари сўралади. 

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид