Журналистларнинг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида Cold River гуруҳи ҳакерлари Нью-Йорк штатидаги Брукҳавен миллий лабораторияси, Чикагодаги Аргонна миллий лабораторияси ва Калифорниядаги Ливермор миллий лабораториясининг ички тармоқларига кириб боришга уринган. Барча учта лаборатория АҚШ Энергетика вазирлиги томонидан бошқарилади.

Reuters агентлигининг аниқлашича, ҳакерлар гуруҳига алоқадор шахслар сохта кириш экранларини яратиш ва лабораториялар ходимларига электрон почта хабарларини юбориш орқали муассасаларнинг ички тармоқларига кириш паролларини олишга ҳаракат қилган. Улар нима мақсадда лабораториялар тизимларга бузиб кирмоқчи бўлгани журналистларга номаълум. АҚШ Энергетика вазирлиги ва Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Reuters агентлиги саволларига жавоб бермаган.

Ушбу ҳужум уринишларининг Cold River гуруҳига алоқадорлигини киберхавфсизлик соҳасининг беш нафар мутахассиси тасдиқлаган. Ҳакерлар аввалдан Cold River билан боғлиқ бўлган рақамли изларни қолдирган.

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ва Британия Ҳукумат алоқалари маркази Cold River фаолиятига изоҳ бермаган.

Бу қандай гуруҳ?

Агентликка интервью берган киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошлангандан бери Cold River’нинг фаоллиги сезиларли даражада ошган.

АҚШ лабораторияларига биринчи киберҳужумлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атом энергияси бўйича агентлиги (МАГАТЭ) миссияси Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорижжя атом электр станциясига боргандан кўп ўтмай бошланган.

МАГАТЭ миссиясининг мақсади хавфсизликни таъминлаш ва иложи бўлса, станция атрофида демилитаризация қилинган ҳудудни ташкил қилиш эди.

Cold River 2016 йилда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги тизимларига қилинган ҳужумдан сўнг Ғарб экспертлари эътиборига тушган ва ўшандан бери, экспертларнинг фикрига кўра, бир неча ўнлаб ахборот операцияларида иштирок этган.

2022 йил май ойида Cold River МИ-6 (Secret Intelligence Service) Британия разведка хизмати собиқ раҳбарининг электрон почта хабарларини эълон қилди. Июль ойида эса, Литва ҳукумати Калининград вилоятидан Литва ҳудуди орқали Россияга товарлар ташишни блоклаганидан кўп ўтмай, Литва ҳукумати веб-сайтларига ҳужум қилди. Ўшанда таниқли рус ҳакерлик гуруҳларидан бирининг Телеграм каналида нишонлар рўйхати билан бирга, Литва давлат муассасаларига ҳужум қилиш учун чақириқ пайдо бўлганди.