Жаҳон | 14:32 / 09.01.2023
9920
3 дақиқада ўқилади

Немис сиёсатчилари Leopard танкларини Украинага топширишни талаб қиляпти

Бундестаг раис ўринбосарлари Гёринг-Эккардт ва Кубикининг фикрича, Киевга Leopard танкларини эмас, балки Marder немис пиёда жанговар машиналарини етказиб бериш «нотўғри» ва «ақлсиз» бўлади. Германия аҳолиси, сўров натижаларига кўра, бундай етказиб беришга қарши бўлиш эҳтимоли кўпроқ.

Фото: AP

Берлин томонидан Marder пиёда жанговар машиналари Киевга етказиб берилиши эълон қилинганидан сўнг, бир қатор немис сиёсатчилари Украинага Leopard танкларини ҳам жўнатишга чақиришди. Marder бўйича эришилган нарсалар ҳақида тўхташ «нотўғри бўларди», деди Бундестаг раиси ўринбосари Катрин Гёринг-Эккардт Funke Mediengruppe нашрига берган интервьюсида, ундан парчалар 8 январь, якшанба куни нашр этилган.

«Биз имкон қадар ҳамма нарсани қилишимиз ва таъминлашимиз керак. Бу Leopard танкларига ҳам тегишли», - дея таъкидлади «яшиллар» фракцияси вакили бўлган сиёсатчи. Озод демократик партия раиси ўринбосари, Германия парламенти - Бундестаг раиси ўринбосари Волфганг Кубики нашрларга «нафақат Marder, балки Leopard танкларини ҳам етказиб бериш оқилона бўларди», деди. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш муҳим. Бироқ, Киевга ёрдам беришнинг ҳар бир кейинги қадами НАТО ҳамкорлари билан яқиндан мувофиқлаштирилиши керак, деди Кубики. У Германия бу масалада якка ўзи ҳаракат қилмаслиги кераклигини қўшимча қилди.

Германия ҳукуматининг Украинага Marder пиёда жанговар машинасини етказиб бериш тўғрисидаги қарори Германия аҳолиси орасида турли хил реакцияга сабаб бўлди. Insa социологик институти томонидан Bild am Sonntag газетаси учун ўтказилган сўров натижаларига кўра, 49 фоиз аҳоли бу қарорни жуда нотўғри, 40 фоизи эса тўғри деб ҳисоблайди. Яна 11 фоизи бир қарорга келмаган ёки жавоб бермаган. Германия Украинани Leopard танклари билан ҳам таъминлаши керакми, деган саволга респондентларнинг 50 фоизи салбий жавоб берди, 38 фоизи ёқлади. 6 январь куни ўтказилган сўровда Германиянинг 1001 нафар фуқароси иштирок этди.

6 январь куни бўлиб ўтган ҳукумат матбуот анжуманида Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт битта украин батальонини Германиянинг Marder пиёда жанговар машиналари билан жиҳозлаш режалаштирилаётганини, бунинг учун 40 га яқин шундай машиналар керак бўлишини айтди. Етказиб бериш жорий чоракда амалга оширилиши керак. Тахминан саккиз ҳафта давом этадиган украиналик ҳарбийларнинг Германиядаги машғулотлари яқин орада бошланади.

Мавзуга оид