Бугунги электрон техникалар асрида яшаётган бўлсак-да, уларни саломатлигимизга зиён етказишларига жим қараб туриб бўлмайди. Аксарият ҳолатларда бу айнан бизнинг электрон қурилмалардан нотўғри фойдаланганлигимиз учун содир бўлади.
Энг кўп фойдаланиладиган смартфонлардан ҳам зарарсиз фойдаланиш имконига эгамиз. Қуйида саломатликка зиён етмаслиги учун телефон сақлаб бўлмайдиган жойлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
1. Шимнинг орқа чўнтаги
Телефонни орқа чўнтакка солиб юриш жуда қулай бўлиши мумкин, аммо бу жойни танласак, қуйидаги муаммоларга дуч келишимиз мумкин:

- телефоннинг сенсорли экрани нафақат бармоқларга, балки думба ҳаракатларига ҳам сезгирдир, баъзида биз тасодифан фавқулодда ёрдам рақамларини териб юборишимиз мумкин. Бу эса ўзимизга кераксиз муаммоларни келтириб чиқаради.
- одам гавжум жойларда телефонингизни йўқотиш ёки унутиш жуда ҳам осон.
- жуда кўп учрайдиган муаммолардан бири – ўтирганда телефон экранининг синиб қолиши.
2. Шимнинг олдинги чўнтаги

Эркаклар одатда қўл сумкаларини олиб юришмайди, шунинг учун улар телефонларини шимнинг олд чўнтагига солиб қўйишади. Аммо бу эркаклар саломатлиги учун хавфлидир. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мобил телефонлар томонидан ишлаб чиқарилган электромагнит нурланиш сперма сифати ва миқдорига таъсир қилиши мумкин. Телефонингизни қанча узоқ вақт шимингизга солиб юрсангиз, хавф шунчалик юқори бўлади.
3. Кўкрак қафасидаги чўнтак

Мобил телефон радиацияси саратон хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида аниқ далиллар йўқ. Аммо баъзи олимларнинг фикрига кўра, кўкрак олдида мобил телефонни осиб қўйиш кўкрак бези саратони ривожланиш хавфини оширади.




















