Россия мудофаа вазирлиги 8 январга ўтар кечаси Донецк областининг Краматорск шаҳрига зарба йўлланиши оқибатида 600 нафар украин ҳарбийлари ўлдирилганини маълум қилди - Москвада буни янги йил кечаси Макийивкадаги ҳарбийлар ётоқхонаси ўққа тутилишига жавобан «қасос операцияси» деб аташган. Аммо Ғарб нашрлари мухбирлари Краматорскда украин ҳарбийларининг оммавий ҳалок бўлганига далил топа олишмаган, Киевда эса Россия мудофаа вазирлигининг баёноти ёлғон ва «ахборий операция» деб аталган.

Россия томони маълумотини тасдиқлайдиган бошқа бирорта мустақил манба йўқ — умуман ҳеч қандай қурбонлар бўлмаганини кўрсатувчи маълумотлар эса бор.

8 январга ўтар кечаси Краматорскка зарба йўллангани ҳақида РФ мудофаа вазирлигидан олдинроқ Украина ҳукумати хабар берганди. Шаҳар мэри Олександр Гончаренко тонгда фейсбукдаги саҳифасида россияликлар томонидан еттита ракета учирилгани, саккизта кўп қаватли турар жой бинолари ҳамда иккита ўқув биноси шикастлангани ҳақида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлмаган. У ҳарбийлар орасидаги қурбонлар ва яраланганлар тўғрисида ҳеч нарса демаган.

Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги Краматорск ўққа тутилгани ҳақида ҳисобот бериб, буни «қасос операцияси» деб атади. Вазирлик буни «Киев режимининг 1 январга ўтар кечаси Макийивкада россиялик ҳарбийлар жойлашган бинога йўллаган жиноий зарбаси»га жавоб берилгани билан изоҳлади.

Россиянинг бир зарбадаги йирик йўқотиши. Сўнгги маълумотлар

Макийивкадаги портлашлардан кейин Украина томони касб-ҳунар мактаби биносида россиялик сафарбар қилинган аскарлардан 400 нафарга яқини ҳалок бўлганини маълум қилганди. Москва 89 ҳарбийси ўлимини тасдиқлаган - бу РФ мудофаа вазирлиги бутун уруш давомида тан олган бир марталик энг йирик йўқотиш эди.

Янги йил кечаси украинлар Макийивкада россиялик ҳарбийлар жойлашган бинони ер билан яксон этганди. Фото: Reuters

Бир ҳафта ўтиб Россия ҳарбийлари украин ҳарбийларининг Краматорскдаги ётоқхоналарига зарбалар йўллангани ҳақида хабар берди.

«Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг вақтинча дислокация пунктлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари берилиши оқибатида 600 дан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчилар йўқ қилинди», деди якшанба куни РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков. Унинг айтишича, бу ётоқхоналарда жами 1300 нафардан ортиқ украин ҳарбийлари бўлишган.