Ўзбекистон | 16:03 / 10.01.2023
9570
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида боласига илон тутқазган ота тушунтириш хати ёзиб берди

Ижтимоий тармоқларда ёш боланинг ҳовлида илонни ушлаб юргани ва бу ҳаракатни амалга оширишга унинг отасининг ўзи ундаётгани ҳақида видео тарқалди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, воқеа Оҳангарон туманининг Гўшсой маҳалласида 2022 йилнинг июнь ойида содир бўлган.

Ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи «Гўшсой» МФЙда яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро Ф.Н.нинг хонадонида бўлган.

У фуқаро билан ёш фарзанди ўйнашига йўл қўйиб бергани, бу бола ҳаёти ва соғлигига хавф солиши мумкинлиги ҳамда бундай видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашиб, тушунтириш ишларини олиб боргани айтилади.

Фуқаро ўз қилмиши тўғри бўлмаганини тан олиб, хатти-ҳаракатлари оқибатида фарзандига зарар келтириши ҳақида ўйламагани, ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиши бошқалар учун ҳам зарар келтириши мумкинлигини билмаганини таъкидлаб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслигини айтиб ўтди.

"Шу ўринда, фуқаролардан ҳар қандай ҳолатда ҳам ёввойи ҳайвонларга дуч келган тақдирда ўзингиз, фарзандингиз ва яқинларингизнинг ҳаётига бефарқ бўлмасликни, турли жонзотларнинг зарарсиз эканини тарғиб қилишга қаратилган ахборотларни ижтимоий тармоқларда жойлаштиришдан сақланишни сўраб қоламиз", дейилади расмий маълумотда.

Мавзуга оид