Аномал совуққа қандай тайёргарлик кўрилди?
Тошкент шаҳар ҳокими совуқ об-ҳаво туфайли 9-18 январ кунларида марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалаш ташкил қилиниши, шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чоралари кўрилиши, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлаши таъминланишини ваъда қилганди. Бундан ташқари, шу кунлари шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармаларда ҳар қандай мажлислар тақиқланди.

Шу билан бирга, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалаш таъминланиши, электр тизимидаги авариялар тезкор бартараф этилиши, туғуруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларидаги электр генераторлари тўхтовсиз ишлаши учун етарли ёқилғи билан таъминланиши, навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлаши назоратга олиниши, кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимлари иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминланишини таъкидлаганди.

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйларнинг йўлаклари олдига қумли, тузли қоришмалар қопга солиб қўйиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Улардан йўлакларда яхмалак ҳосил бўлганда музларни эритиш, сирпанчиқликларнинг олдини олиш мақсадида фойдаланиш кўзда тутилган.
Айтишларича, 7 январь куни бўлиб ўтган мажлисда Бош вазир Абдулла Арипов подъездларда қордан кейин муз пайдо бўлса, уни эритиш учун тезкор чора кўриш мақсадида шундай топшириқ берган.





























