Адлия вазирлиги айрим оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистондаги маъмурий ўзгаришлар, хусусан вазирликларнинг қўшиб юборилиши ва айрим давлат ташкилотларининг тугатилишини фақат салбий томондан кўрсатаётганликда айблаб чиқди.
“Албатта, фикрлар хилма-хил бўлгани яхши, лекин айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқлар масалани мутахассис бўлмаган ёки зарур билим ва тажрибаси бўлмаса-да, ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар билан интервьюлар ташкил қилиб, ўз кузатувчиларига ислоҳотларни бир томонлама фақат салбий томондан кўрсатиш ва баҳолаш билан шуғулланмоқдалар. Хусусан, шу кунларда Kun.uz ва Qalampir.uz туркум интервюларни эълон қилишди”, – дейилади адлия баёнотида.
Ўтган ҳафталарда Kun.uz маъмурий ислоҳот мавзусида иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ва таълим эксперти Баҳодир Ғаниев билан, Qalampir.uz сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан интервюлар эълон қилган эди. Бу суҳбатларда мутахассислар рўй бераётган маъмурий ўзгаришларнинг нафақат ижобий жиҳатлари, балки камчиликлари ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирганди.
Адлия вазирлиги ОАВнинг суҳбатдошларини “ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар” деб атаркан, уларни масъулиятсизликда айблаган.
“Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бундай масалада у ёки бу фикр, баҳони беришда зарур билим, малака ва тажрибага эга бўлиш, чуқур таҳлилга асосланиш мақсадга мувофиқ. Чунки маъмурий ислоҳотдек ўта профессионал масалани енгил-елпи ёндашувлар, ўзининг ҳиссиёт ва қарашлари орқали баён этиш, айниқса ОАВ орқали тарқатиш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас”,

















