Жаҳон | 11:44 / 11.01.2023
6407
2 дақиқада ўқилади

Пригожин Соледар эгаллаб олинганини эълон қилди, аммо у ерда жанглар давом этяпти

«Вагнер» ХҲК асосчиси, россиялик тадбиркор Евгений Пригожин Соледарнинг бутун ҳудуди эгаллаб олинганини эълон қилди. 

Фото: Picture Alliance

«Шаҳар марказида вазият ўта кескин шаклланган, у ерда жанглар кетмоқда. Асирга олинганлар сони эртага маълум қилинади», - деди у «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги «Конкорд» компанияси саҳифасида. 

Пригожиннинг алоҳида таъкидлашича, Соледарга ҳужумда «Вагнер» ХҲКдан ташқари бошқа ҳеч қандай бўлинма қатнашмаган. 

РИА «Новости»нинг хабар беришича, россиялик ёлланма аскарлар Соледардаги туз конларини эгаллаб олган. Агентлик ихтиёрида тегишли фотосуратлар мавжуд, уларда Евгений Пригожиннинг ўзи ҳам бор.

Шу билан бирга, сешанба куни кечқурун Россия Федерацияси президенти администрацияси ва Украина Мудофаа вазирлиги вакиллари Соледар учун шиддатли жанглар давом этаётганини айтишди. 

Россия ҳарбий мухбирлари ўз блогларида Соледардаги Украина қўшинлари Пригожиннинг тунда таслим бўлиш ҳақидаги ультиматумини рад этганликлари ва қаршилик кўрсатишдан тўхтамаганликлари ҳақида хабар беришди. 

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бу шаҳардаги вазиятга ҳозирча изоҳ бермади.

Мавзуга оид