Жаҳон | 10:11 / 12.01.2023
6408
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия сафарбарлик учун Соледар эгаллангани ҳақида ёлғон гапиряпти

Россия ҳукумати ва рус тарғиботчилари сафарбарликни давом эттириш ва урушни қўллаб-қувватловчиларда умид уйғотиш учун Соледарнинг эгаллаб олингани ҳақида ёлғон даъволарни тарқатяпти. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг кечки видеомурожаатида айтилган. 

Фото: president.gov.ua

«Улар мобилизацияни қўллаб-қувватлаш ва тажовузкорларга умид бериш учун ўз жамиятига вазиятни шундай тақдим этмоқда. Аммо жанглар давом этяпти. Донецк йўналиши қатъий турибди. Биз ҳамма нарсани ҳатто бир кунга ҳам танаффуссиз қиляпмиз. Бу Украина мудофаасини кучайтириш учун зарур», - дея таъкидлаб ўтди Зеленский. 

Соледар учун жанглар давом этаётгани ҳақида аввалроқ Украина Қуролли кучлари Бош штаби хабар берган эди.

Аввалроқ «Вагнер» ХҲК асосчиси, россиялик тадбиркор Евгений Пригожин Соледарнинг бутун ҳудуди эгаллаб олинганини эълон қилганди. 

«Шаҳар марказида вазият ўта кескин шаклланган, у ерда жанглар кетмоқда. Асирга олинганлар сони эртага маълум қилинади», - деди у «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги «Конкорд» компанияси саҳифасида. 

Пригожиннинг алоҳида таъкидлашича, Соледарга ҳужумда «Вагнер» ХҲКдан ташқари бошқа ҳеч қандай бўлинма қатнашмаган. 

РИА «Новости»нинг хабар беришича, россиялик ёлланма аскарлар Соледардаги туз конларини эгаллаб олган. Агентлик ихтиёрида тегишли фотосуратлар мавжуд, уларда Евгений Пригожиннинг ўзи ҳам бор.

Шу билан бирга, сешанба куни кечқурун Россия Федерацияси президенти администрацияси ва Украина Мудофаа вазирлиги вакиллари Соледар учун шиддатли жанглар давом этаётганини айтишди. 

Мавзуга оид