Украинада урушнинг 323-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина ҳукумати Соледарда «оғир жанглар давом этаётгани»ни маълум қилиб, «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожиннинг шаҳар унинг ёлланма жангчилари назоратига ўтгани ва таслим бўлишдан бош тортган юзлаб украин аскарлари ўлдирилгани ҳақидаги гапларини рад этди. РФ мудофаа вазирлигининг ҳар кунги брифингида Соледар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган;
- Ярадор россиялик аскарлар ҳеч қандай ҳарбий-шифокор хулосасисиз фронтга қайтариб юборилмоқда. Ҳатто оёқ-қўлларига осколка кирганлар ва ўпкасидан ўқ еганлар ҳам олдинги чиққан қайтариб юборилмоқда. Бу ҳақда «Агентство» нашри Аскарлар оналари қўмитаси масъул котиби Валентина Мельниковага асосланиб хабар бермоқда;
- РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Владимир Путин ҳарбий хизматга чақирув ёшини 30 ёшгача ошириш ғоясини «концептуал» жиҳатдан қўллаб-қувватлаган;
- Уфада 24 ёшли ефрейтор Марсел Кандаров Украинага урушга боришдан бош тортгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Май ойида у хизматга келмаган, сентябрда эса ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган;
- «Единая Россия» 2023 йилги ҳудудий сайловларга Украинага босқин иштирокчилари — собиқ ҳарбийлар ва кўнгиллиларнинг номзодларини илгари суради.
Бахмутдаги Украина қўшини
11 январ куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари Донбасс марказида жойлашган Соледар шаҳрининг катта қисмини эгаллади. ХҲК асосчиси Евгений Пригожин эса Соледар тўлиғича Россия қўшинлари томонидан назорат қилинаётганини айтди (буни кейинроқ Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти ҳам тасдиқлади), аммо Украина томони буни рад этмоқда. Ҳарбий экспертлар Соледардан кейин РФ армияси бу шаҳардан 10 километр жанубда жойлашган Бахмутни ҳам эгаллаш имкониятига эга бўлишини тахмин қилишмоқда. Бу шаҳар учун 2022 йил июлидан буён шиддатли жанглар кечмоқда. Қуйида Бахмут мудофаасидаги украиналик ҳарбийлар суратлари.

Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press































