Ўзбекистон | 11:54 / 19.01.2023
9777
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди

Тиббиёт маркази мансабдор шахслари томонидан янги ускуналар харид қилиш учун ажратилган қарийб 250 млн сўм маблағ ўзлаштирилган.

Фото: Pixabay

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишларига кўра, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахслари томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланган.

Хусусан, тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан “E.M.S.” МЧЖдан 245,2 млн сўмга 2021 йилда Германияда ишлаб чиқарилган “Эскулап” моделдаги жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган.

Товар етказиб берувчи МЧЖ томонидан 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобварақ-фактурага кўра, ушбу моделдаги жарроҳлик ускуналари тиббиёт марказига етказилгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган.

Бироқ ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида мавжуд эмаслиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски — 1994 йилда Россияда ишлаб чиқарилган жарроҳлик ускуналари олиб келингани ҳамда улар яроқсиз ҳолатда экани аниқланган.

Тиббиёт марказидаги ҳолат юзасидан тўпланган материаллар агентлик томонидан қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура томонидан Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид