Сергей Лавров АҚШ томонидан Украинага ҳарбий ёрдам берилишини Ҳитлер (шунингдек, Наполеон) ҳаракатларига қиёслади.

«Наполеон деярли бутун Европани Россия империясига қарши сафарбар қилгани, Ҳитлер Европанинг кўп давлатларини қўлга олиб, уларни қуроллантириб, совет иттифоқига қарши ташлаганидек, энди Қўшма Штатлар деярли барча европаликларни коалицияга бирлаштирди. Улар Украина орқали бизнинг мамлакатимизга қарши «Россия масаласи»ни узил-кесил ҳал қилиш учун уруш олиб бормоқда», деди Россия ташқи ишлар вазири.

«Ҳитлер «яҳудийлар масаласи»ни узил-кесил ҳал қилмоқчи бўлганидек, энди Ғарб сиёсатчиларининг фикрларини ўқисангиз, улар Россия стратегик мағлубиятга учраши кераклигини бир овоздан айтишмоқда», дея қўшимча қилди Лавров.

Немис фашистлари 1941-1945 йилларда «Яҳудийлар масаласини якуний ҳал қилиш» сиёсатини олиб борган ва бу Европа яҳудийларини қасддан оммавий ўлдиришни англатар эди. Яҳудийлар бу жараённи Ҳолокост деб номлаган.

Исроил Лавровни Ҳолокост хотирасини таҳқирлашда айблади. «Ҳозирги воқеаларни Ҳитлернинг яҳудий халқини йўқ қилиш бўйича якуний қарори билан ҳар қандай таққослаш тарихий ҳақиқатни бузади, ўлганлар ва тирик қолганлар хотирасини таҳқирлайди ва бу қатъий рад этилиши керак», дейилади Исроил ТИВ баёнотида.

Европа яҳудийлари конгресси ҳам Лавровнинг сўзларини қоралаб, уни узр сўрашга чақирди.

«Биз вазир Лавров демократик давлатлар коалициясининг ҳаракатларини Ҳитлер томонидан олти миллион яҳудийнинг таъқиб қилиниши ва ўлдирилиши билан шармандали таққослашидан ҳайратдамиз ва даҳшатга тушдик», деди Европа яҳудий конгресси президенти Ариэл Музикант.

Германиянинг Исроилдаги элчиси Штеффен Зайберт Лавровнинг сўзларини «ҳайратга солувчи» деб атади. «Бундан олинадиган тарихий сабоқ шуки, Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари унутилмайди ва жазосиз қолмайди», деб Зайбертнинг сўзларини келтиради Times of Israel.

Франциянинг Исроилдаги элчихонаси Лавровнинг сўзларини «ғазабнок қилувчи ва шармандали» деб атади. «Якуний ечим» инсоният тарихида мислсиз из қолдирди», дейилади миссия баёнотида.

Аввалроқ Вашингтонда ҳам Лавровнинг баёноти ҳақоратомуз ва аҳмоқона деб аталганди.

«Бизнинг биринчи муносабатимиз шуки, у ниманидир Ҳолокост билан солиштиришга қандай журъат этди? Ҳар қандай нарсани [у билан таққослаб бўлмайди], улар бошлаган уруш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади!» Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби брифингда маълум қилди.