Шольц Давосда Украина учун танклар масаласини очиқ қолдирди
Германия канцлери Шольц Украинага чексиз ҳарбий ёрдам ваъда қилди. Шу билан бирга, у Киевга Leopard 2 танкларини етказиб бериш ҳақида бир оғиз сўз айтмади.
Германия канцлери Олаф Шольц Украинани Россия агрессиясига қарши курашда Германиянинг чексиз ёрдамига ишонтирди. Германия Украинага «доимий равишда» ва халқаро ҳамкорлар билан Россия урушда мағлуб бўлиши учун «катта миқдорда қурол» етказиб беради, деди у 18 январь, чоршанба куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россия ўзининг «империалистик мақсадларига эриша олмади», Украина эса «ўзини катта жасорат ва муваффақият билан ҳимоя қилмоқда».
Германия канцлери ўз нутқида ва кейинроқ журналистлар саволларига жавоб берар экан, Украинага Leopard 2 танкларини етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги баёнотлардан бош тортди. Шольц Германия Украинани сифат жиҳатидан янги даражадаги ҳарбий қўллаб-қувватлаш бўйича қарорларни фақат иттифоқчилари билан биргаликда қабул қилишини айтди. У Америка Қўшма Штатлари ва Францияни эслатиб ўтди. «Бу бизнинг стратегиямиз», деди Германия ҳукумати раҳбари ҳамда у ҳали ҳам НАТО ва Россия ўртасида уруш юз бермаслиги учун ҳаракат қилишга интилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Шольц Германиянинг Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия ва пиёда жанговар техникаларини етказиб берганини эслатиб ўтди. Германия ўтган йили Украинага 12 миллиард евродан ортиқ ёрдам кўрсатди ва бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ ва Буюк Британиядан кейин учинчи ўринда туради, деди у. Канцлернинг сўзларига кўра, ҳозиргача Украинага берилган ҳарбий ёрдам аллақачон «Германия ташқи ва хавфсизлик сиёсатидаги туб бурилиш бўлди».
Ҳозирча Шольц Германиянинг Украинага танклар етказиб беришдан бош тортишини бир ўзи ҳаракат қилишни истамаслиги билан изоҳлаган. Буюк Британия Киевга 14 та Challenger танкини бериш ниятини эълон қилгандан сўнг, Полша, Финландия ва бошқа бир қатор НАТО давлатлари Украинага ўзларида бўлган Leopard 2 танкларини беришга тайёр эканликларини эълон қилишди. Бу - танкларни ишлаб чиқарувчи мамлакат сифатида Германиянинг рухсатини талаб қилади.
20 январь куни Германиянинг Рамштайн шаҳридаги АҚШ ҳарбий базасида Ғарб коалицияси Украинага кейинги ҳарбий ёрдам масаласини муҳокама қилади. Йиғилишда Германия Федератив Республикасининг янги мудофаа вазири Борис Писториус илк бор иштирок этади. Мюнхен хавфсизлик конференцияси раҳбари Кристоф Хойсген 18 январь куни Reuters агентлигига берган интервьюсида Писториусни Германиянинг Leopard 2'ни Украинага етказиб беришга розилигини эълон қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, «Германия ҳаракат қилишга тайёр бўлган ҳамкорлар фикрини тинглаши ва улар билан «ягона устунда» олдинга силжиши керак». Хойсген, шунингдек, Европа ташқи сиёсат кенгашининг ушбу танкларни Украинага биргаликда етказиб бериш ва украиналик ҳарбийларни уларни бошқаришга ўргатиш бўйича Европа консорциумини яратиш бўйича таклифини тўғри деб атади.
Мавзуга оид
13:26 / 13.08.2024
Чехия Украинага техника етказиб бериш доирасида Rheinmetall танкларини олади
08:11 / 26.07.2024
Белгород яқинида Россия танки автомобилни босиб кетди
09:10 / 18.06.2024
KNDS қурол концерни Leopard 2 танкининг янги версиясини намойиш этди
09:53 / 27.04.2024