Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни энергия ресурслари таъминоти бўйича ўтказилган йиғилишда ҳокимлар, сектор раҳбарлари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олишлари кераклиги ҳақида кўрсатма берган, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жумладан, ИИВ зиммасига қатор вазифаларни юклаганди.
Элект энергияси таъминоти
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод ва Бектемир туманларида мавжуд имкониятларни ишга солиб, барча ресурсларни адолатли тақсимлаш, муаммоли маҳаллаларда фуқароларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш мақсадида, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖларда “Тезкор штаб” ва “Ишчи гуруҳ”лар фаолияти йўлга қўйилиб, улар таркибида коммунал хизмат мутасаддиларидан ташқари, барча сектор раҳбарлари жалб этилган.

“Аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш ва уни тезкорлик билан ижрога қаратиш бўйича жами 46 нафар ишчилардан иборат 24 соат фаолият юритувчи “Call centеr”лар ташкил этилди. Вазирлик тасарруфига бириктирилган туманларда жами 92 та таъмирлаш гуруҳлари ташкил этилиб (кундузига 56 та, тунда 36 та), 801 нафар ходим мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, мазкур туманларда юзага келиши мумкин бўлган турли муаммоли масалаларни ўрганиш ва фуқаролар орасида тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида жами 2400 дан ошиқ ички ишлар органлари ходимлари жалб этилди”, дейилади ИИВ ахборот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган ахборотда.
Ўрганишлар жараёнида Тошкент шаҳрида аҳоли истеъмоли учун, ўртача меъёр бир кунда 31,640 минг кВт соат режалаштирилган бўлса-да, амалда 32,411 минг кВт соат, яъни режалаштирилганидан 2,4 фоиз кўп энергия истеъмол қилинаётгани аниқланган. Бешта туман кесимида 14,954 минг кВт ўрнига амалда 15,354 минг кВт соат, яъни 2,6 фоиз кўп энергия ишлатилаётгани айтилмоқда.

Энергоресурслар муаммо бўлиб турган бешта туманда аниқланган ҳолатларга ечим топиш, аҳоли истеъмоли учун электр таъминотининг бир меъёрда етказиб берилиши ҳамда аварияларни кечиктирмаган ҳолатда бартараф этиш мақсадида туман электртармоқлари учун қўшимча равишда 13 та АП-17 автокўтаргич, 3 та автокран, 13 та экскаватор, 6 та энергия таҳлили лабораторияси, 31 та махсус транспорт воситалари кунлик хизматга жалб қилинган. Тезкорликни ошириш учун ички ишлар органларининг 92 та махсус маёқчали патруль автомобиллари қўшимча бириктирилган.




















