Украинада урушнинг 333-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украиналик разведкачи ва РФ билан музокаралар иштирокчиси Денис Киреев Украина хавфсизлик хизмати автомобилида ўлдирилган, бу ҳақда Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов маълум қилди. Унинг айтишича, Киреев иккиёқлама агент бўлиши мумкин эмасди, унинг вазифаси Россия билан 2022 йил мартидаги музокараларда жараённи чўзиш ва бу орқали Украина қуролли кучлари учун вақтдан ютишга имкон бериш бўлган.
  • Украиналик журналистлар ўз мамлакати мудофаа вазирлигини ҳарбий хизматчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларини бозор нархидан икки-уч баробар қимматга харид қилишда гумонлади. Вазирлик бу борадаги суриштирув «чалғитувчи фикр» эканини билдириб, бу борада Украина хавфсизлик хизматига мурожаат қилишга ваъда берди. Давлат аудиторлик хизмати тузилган ҳарбий шартномаларни текширишга киришди.
  • Полша ҳукумати немис танкларисиз ҳам «кичик коалиция» Украинага танклар етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
  • Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон Украинага келди. У Буча ва Бородянкада бўлди, шунингдек Киевда Володимир Зеленский билан учрашди.
  • Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Украинага янги қуроллар етказиб берилиши фонида Ғарб давлатларига «глобал фалокат» ва «яксон этиш» билан таҳдид қилди.

Днипрода хотирлаш маросими 

Православ руҳонийлар Днипродаги турар жой биноси олдида жаноза маросими ўтказишди. 14 январ куни Россия Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллаган; Днипрода ракета тўққиз қаватли уйга тушган ва икки подъездни қулатганди. Жами 46 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган ва бедарак кетганди. Украина томонига кўра, россияликлар товуш тезлигида ҳаракатланувчи X-22 қанотли ракетасидан фойдаланган, у  Курск областидан учирилган. Фото: Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA