«Сиз барибир Украинага керакли қуроллар билан ёрдам берасиз ва англаб турибсиз: урушни якунлашнинг Россиянинг мағлубиятга учрашидан бошқа варианти йўқ», дея ёзган Михайло Подоляк твиттерида.

Гап Украина қуролли кучларига немислар томонидан ишлаб чиқарилган ва Европанинг кўплаб давлатлари армиясида мавжуд бўлган Leopard 2 танклари ҳақида бормоқда. Украина самарали қарши ҳужум уюштириши учун бундай танкларни имкон қадар тезроқ етказиб бериш зарурати ҳақида президент Зеленский ҳам, Россиянинг бошқа қўшнилари ҳам айтиб келишмоқда.

Полша ва Финландия ўз Leopard-2 танкларини Украинага беришга тайёрлигини билдирган, Нидерландия ташқи ишлар вазири эса мамлакат техникалар транспортировкаси (ташиш) харажатларини қоплашга тайёрлигини маълум қилган.

Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто BBC билан суҳбатда унинг мамлакатида бир неча юз дона Leopard танклари борлиги ва бу мамлакат Украинага танк етказиб бериш «экотизими»нинг бир қисми бўлишга тайёрлигини айтган.

«Бизда доим шундай мақсад бўлган - Украина танклар ҳам олиши керак. Шу билан бирга, биз биламизки, Leoprad каби танклар учун ишловчи экотизим яратишга, барчаси уйғунлаштирилиб, шахсий таркиб ўқитилгунига қадар ва бошқа ҳоказолар учун ойлар ва ҳатто йил кетиши мумкин», деган у.

«Шундай экан, бугунги кунда Украинага тезда қўллаш мумкин бўлган бошқа қуролларни етказиб бериш жуда муҳим», деган вазир.

Шунга ўхшаш баёнотлар Эстония, Латвия ва Литва ташқи ишлар вазирлари томонидан ҳам берилган. «Ўз қудрати бўйича Европадаги етакчи давлат бўлган Германияга алоҳида масъулият юкланади», дейилади уч давлат ТИВ раҳбарларининг қўшма баёнотида.

«Leopard танкларини етказиб бериш Россиянинг тажовузини тўхтатиш, Украинага ёрдам бериш ва Европада тинчликни тезроқ тиклаш учун зарурдир», дея ёзган Латвия ТИВ раҳбари Эдгар Ринкевич.

Аммо Берлинга қилинаётган босимларга қарамай, Украина ҳозирча Leopard танкларига эга бўла олмайди. Украинанинг танк етказиб бериш ҳақида расман эълон қилган ягона иттифоқчиси Буюк Британия бўлиб қолмоқда - инглизлар ўзларидаги Challenger 2 танкларини юборишади.

Жума куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников твиттердаги саҳифасида Германия мудофаа вазири Борис Писториус билан кечган «очиқ мулоқот» ҳақида ёзди.