Ўзбекистон | 14:32 / 25.01.2023
7199
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон енгил автомобиллар ишлаб чиқариш имкониятини ўрганяпти

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ташрифи доирасида Бишкек шаҳрида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Бахит Торобоев ҳамда  иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев билан учрашди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди. Томонлар форум давомида имзоланиши режалаштирилган инвестиция битимлари ва савдо шартномалари рўйхатини синхронлаштирди. Кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, электротехника, шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва туризм каби соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бораётгани таъкидланди. Сўнгги 6 йил ичида икки томонлама савдо 8 баробар ошиб, 2022 йилда 1,3 миллиард долларга етди. Яқин келажакда ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш бўйича қатор аниқ амалий чоралар кўришга ҳозирлик билдирилди.

Фото: Дунё АА

Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев билан учрашувда тижорат автомобиллари ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, йигирув ва тўқимачилик корхоналарини қуриш ва кенгайтириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Тадбиркорларга тегишли шартнома ва битимлар тузишда кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида, яъни икки давлат ҳудудларида интенсив боғлар ва юқори технологияли иссиқхоналар барпо этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар. Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жойлари, шунингдек, икки давлат хусусий корхоналари орқали ташаббускорлар бир ҳафта муддатда белгиланади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳасини тайёрлаш масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Лойиҳанинг ҳар бир босқичини амалга оширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган «Йўл харитаси»ни имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни назарда тутган ҳолда энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилишни тезлаштириш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид