Жаҳон | 18:48 / 26.01.2023
31477
6 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ўнлаб Abrams танклари юборади. Бу қандай техника?

АҚШ Украинага M1 Abrams русумли асосий жанговар танкларини етказиб беради, бу ҳақда президент Жо Байден маълум қилди. Чоршанба куни Германия ҳам Украинага Leopard танкларини бериши ва бошқа мамлакатларга ушбу танкларни реэкспорт қилишга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлганди.

Фото: AP

Америкаликлар жами 31 та танк беради. Байденнинг сўзларига кўра, етказиб бериш жараёни маълум вақт олади, аммо АҚШ яқин вақтлар ичида украин ҳарбийларини шу танкларни бошқаришга ўргата бошлайди.

«Бу танклар жанг майдонига қадар етиб бориши вақт талаб этади. Биз бу вақтдан украинлар Abrams танкларини ўз мудофаасига интеграция қилишга тўлиқ тайёр бўлишини таъминлаш учун фойдаланамиз.

Биз Украинани қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлаймиз – бу Россияга қарши кураш эмас, озодлик учун курашдир. Биз озодлик машъаласи имкон қадар ёрқинроқ ёнишини истаймиз», – деган Байден.

АҚШ президенти маъмурияти Украина қуролли кучларига бу танкларга хизмат кўрсатувчи 8 та зирҳли М88 машиналари ҳам юборилишини эълон қилди.

«31 та М1 Abrams танкини жўнатиш ҳақидаги бугунги қарор Украинага ўзини яхшироқ ҳимоя қилишда давом этиши учун зарур бўлган имкониятларни бериш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг давомидир», деди АҚШ маъмурияти расмийси махсус брифингда. Унинг таъкидлашича, 31 та М1 Abrams танки Украинанинг битта танк батальонига тенг. 

ОАВнинг ёзишича, АҚШ Германияни Leopard танкларини беришга кўндириш учун Украинага Abrams танкларини юборишга қарор қилган. 

Фото: AFP

Аввалроқ Bloomberg агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда, АҚШ Украина учун M1 Abrams танкларини ишлаб чиқаришга 400 млн доллар маблағ ажратишини хабар қилганди.

Америка нашрлари ёзишича, Украина учун махсус танклар General Dynamics компанияси томонидан ишлаб чиқарилиши туфайли уларнинг етказиб берилиши бир йилгача чўзилиши мумкин.

АҚШ армияси 1980 йилдан буён M1 Abrams танкларига эга. Айни вақтда бундай танкларнинг турлича модификациядаги 2,6 мингдан ортиғидан фойдаланилади, 3,5 мингга яқин танк омборларда сақланади.

Бундай танклар Австралиядан Марокашгача бўлган ўндан ошиқ мамлакатлар армияларида хизмат қилади ва турли шароитларда ўзини яхши томондан кўрсатган.

Аввалроқ америкалик мулозимлар Оқ уй Abrams танкларини Украинага Ғарбнинг Россия билан можароси кескинлашувидан чўчиётгани туфайли эмас, балки америкаликлар танкидан фойдаланиш жуда мураккаблиги ва катта миқдорда махсус ёнилғи талаб этиши билан боғлиқ эканини айтишганди.

M1 Abrams қандай танк ва у Украина армиясига қанчалик мос келади?

M1 Abrams – энг яхши замонавий жанговар танклардан бири ва Украина кутаётган Leopard-2 танкларидан қолишмайди. Бундай танклар етказиб берилиши мантиқий қадам бўлиб кўринади – ишлаб чиқарилган Abrams танклари сони немисларнинг  Leopard-2 танкларидан икки ярим баробар кўпроқ: барча модификациялар ҳисобга олинганда 3600 тага қарши 10600 та.

Аввалроқ ушбу танкларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёни мураккаблиги, бу танклар кўп ёнилғи талаб этиши, шунингдек уни ўзлаштириш қийинлиги ҳақида Америка расмийлари келтирган аргументлар билан баҳслашиш мумкин.

Фото: NURPHOTO

M1 Abrams – чинакам замонавий танк бўлиб, унга энг илғор (ва мураккаб ҳам) ўт очишни бошқариш тизими, жумладан лазерли масофа ўлчагичлар ва тунги кўриш воситалари (тепловизор), нишонни танлаш ва зарбани йўналтиришга ёрдам берадиган борт компьютери ўрнатилган. Abrams танкларининг алоҳида жиҳатларидан бири – у двигател сифатида турбинадан фойдаланади. Ва у чиндан ҳам кўп ёнилғи талаб этади.

Аммо шу билан бирга, ҳар қандай ҳолатда ҳам электроникани дала шароитида таъмирлаб бўлмайди, бу жуда қийин, турбинани унинг бир қадар ишончлилиги учун двигател сифатида танлашган, ёнилғи кўп сарфланиши эса бу жараён соддалаштирилгани билан боғлиқ - Abrams танкларига реактив двигателлар учун мўлжалланган ёнилғи, бензин, солярка ва ҳатто кемалар дизел ёнилғисини ҳам қуйиш мумкин.

Бундай двигател танк тезлиги (максимал тезлик – соатига 68 км) ва манёврлар қилиш имкониятини оширади, шунингдек камроқ шовқин чиқаради, бу эса ҳарбий ҳаракатлар шароитида муҳимдир.

Украина қўшниларидан бири бўлган Полша армияси M1 Abrams танклари билан таъминланган, шундай экан таъмирлаш базаси Украинадан у қадар узоқ масофада эмас. Бу яна шуни англатадики, эҳтиёт қисмлар таъминоти бўйича логистика мавжуд ва янги таъминот йўллари очиш талаб этилмайди.

Ва ниҳоят, Украина қуролли кучлари Россия армиясидан ўлжа қилиб олинган Т-80 танкларидан фойдаланиб келмоқда. Бу танкларда ҳам турбина ўрнатилган ва украин танкчилари бундай техниканинг урушда қўлланишидаги ўзига хос жиҳатлари билан таниш. Нима бўлганда ҳам Abrams танкларини бошқариш украин танкчилари учун Leopard танкларини бошқаришдан кўра қийин эмаслиги аниқ – икки танк ҳам бир авлодга мансуб, иккиси ҳам ўт очишни бошқаришнинг мураккаб тизимига эга ва 120-миллиметр калибрли силлиқ стволли тўп билан қуролланган. Америкаликлар танки шунингдек битта 7,62 мм ва битта 12,7 мм калибрли пулемёт билан жиҳозланган. Айрим модификацияларида Trophy кучли ҳимоя комплекси мавжуд бўлиб, бу орқали душманнинг учиб келаётган снарядларини уриб тушириш мумкин. 

Abrams танкларининг асосий минуси - унинг вазни билан боғлиқ – у дунёдаги энг оғир танклардан биридир. Танкнинг сўнгги версияси бўлмиш M1 Abrams M1A1’нинг вазни 66 тоннадан ошади (энг замонавий Leopard 2A7 ҳам тахминан шунча оғирликка эга. Инглизлар бераётган Challenger 2 эса қўшимча зирҳлар билан биргаликда 75 тонна чиқади). 

Таққослаш учун – россияликларнинг Т-80У танки жанговар ҳолатда 46 тонна тош босади, Т-72Б3 ва Т-90 танклари эса – 46,5 тонна.

Катта эҳтимол билан, Abrams танкларини йўлсиз ҳудудларда ҳаракатлантириш қийинроқ бўлади. Ботқоқликларда эса янада қийинроқ – бундай шароит советлар томонидан ишлаб чиқарилган нисбатан енгил танклар юришига ҳам халақит беради.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери