Жаҳон | 14:31 / 26.01.2023
8985
3 дақиқада ўқилади

Латвия президенти: Киевга ёрдам - Европани ҳимоя қилишнинг ягона йўли

Европаликлар кейинчалик бошқа мамлакатларга ёрдам беришдан кўра, Россия босқинига қарши курашда замонавий асбоб-ускуналар етказиб бериш орқали Украинага ҳозир ёрдам бергани маъқул, деди Эгилс Левитс DW нашрига берган интервьюсида.

Фото: Annette Riedl/dpa/picture alliance

Украинани қўллаб-қувватлаш «Европани ҳимоя қилишнинг ягона йўли», деб ҳисоблайди Латвия президенти Эгилс Левитс. 25 январь, чоршанба куни DW нашрига берган интервьюсида у Германия канцлери Олаф Шольцнинг мамлакатни Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун Киевга Leopard 2 танкларини юбориш ҳақидаги қарорини олқишлади. «Менимча, бу тўғри қарор, чунки Европа хавфсизлиги таҳдид остида», - деди у.

Шу билан бирга, Левитс ушбу ҳарбий ёрдамга қарши бўлганларнинг аргументларини рад этди, улар Европа ва Болтиқбўйи мамлакатлари мудофаасини янада заифлашиши мумкинлигини билдирган, чунки Европа Иттифоқи давлатлари ҳозирда Киевга энг яхши ҳарбий техникасини юбормоқда. «Кейинчалик бошқа давлатларга ёрдам бергандан кўра, ҳозир Украинага ёрдам берган афзал», деди у.

Москванинг Ғарб Киевни асосий жанговар танклар билан таъминлаш қарори орқали қизил чизиқни кесиб ўтгани ҳақидаги айбловлари ҳақида гапирар экан, Латвия президенти Россия буни суверен демократик давлат бўлган Украинага кенг кўламли бостириб кириш орқали амалга оширганига эътибор қаратди. «Биз Украинага халқни, давлатни ҳимоя қилишда ёрдам беришимиз керак. Россия тажовуз ҳеч қандай фойда келтирмаслигини тушуниши керак», деди у.

Левитснинг сўзларига кўра, агар Россияга урушдан фойда кўришга имкони берилса, кейин уни ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди ҳамда бу унинг кейинги қадамларига, шунингдек, бошқа давлатлар учун қўшни мамлакатларга ҳужум қилишга ўзига хос таклиф сифатида ишлайди. «Биз Европада ҳозир кўпроқ мудофаа ҳақида ўйлаяпмиз, чунки бизнинг агрессив қўшнимиз бор, – деди у.– Бизнинг агрессив қўшнимиз бор экан, демак, албатта, ўз мудофаа қобилиятимизни оширяпмиз». Сиёсатчи «урушнинг манбайи НАТО эмас, Европа, Германия ва Латвия эмас, балки Россия эканлигини» эслатди. «Албатта, биз ўзимизни ҳимоя қиламиз. Давлатларимизни ҳимоя қилиш - бизнинг бурчимиз», - дея қўшимча қилди у.

25 январь куни Германия канцлери Олаф Шольц Германиянинг Украинага узоқ вақтдан бери сўраб келган Leopard 2 асосий жанговар танкларини етказиб бериш ниятини расман тасдиқлади. Биринчи босқичда Берлин Киевга Бундесвер захирасидан 14 та Leopard 2 А6 танкидан иборат ротани беради. Шунингдек, у бошқа мамлакатларга танкларни Украина Қуролли кучларига реэкспорт қилиш имконини яратади. Умуман олганда, Киев европалик ҳамкорлардан 90 га яқин Leopard 2 жанговар машинасини олиши мумкин. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати Украинага 31 та М1 Abrams танкини беришга рози бўлди.

Мавзуга оид