Жаҳон | 13:27 / 26.01.2023
6518
1 дақиқада ўқилади

Олексий Резников: Ғарб танклари Украина учун «темир мушт» бўлиб хизмат қилади

Украина ғарбдан олган танкларидан ўзига хос «темир мушт» сифатида рус қўшинларининг мудофаа чизиғини ёриб ўтиш ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун фойдаланади. Бу ҳақда Американинг CNN телеканалига берган интервьюсида Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари Олексий Резников маълум қилди. 

Фото: РИА Новости/Александр Кряжев

Шу билан бирга, у ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украина учун устувор аҳамиятга эга эканлигини айтди

«Биз осмонимизни ёпишимиз, осмонимизни ҳимоя қилишимиз керак. Бу биринчи рақамли устувор вазифа. Шундан сўнг биз кўпроқ жанговар машиналар, танклар, артиллерия тизимлари, учувчисиз учиш аппаратлари ва ҳоказоларни олишимиз керак. Бизда одамлар бор, лекин бизга қурол керак», - дея таъкидлади Резников.

Аввалроқ Канада Украинага топшириш учун АҚШдан NASAMS (National Advanced Surface-to-Air Missile System) ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сотиб олиши, бу ҳақда Канада мудофаа вазири Анита Ананд Twitter'да маълум қилгани хабар берилганди. 

Унинг сўзларига кўра, у Украина мудофаа вазири Олексий Резников билан телефон орқали мулоқот қилган ва у ҳозирда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўз мамлакати учун устувор вазифа эканини тасдиқлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид