26 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида Бишкек шаҳрида «Қирғизистон – Ўзбекистон» бизнес-форуми бўлиб ўтди. Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги хабарига кўра, унда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форум очилишида чиқиш қилган спикерлар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилликда 7 баробарга ошиб, 2022 йилда 1,2 миллиард долларни ташкил этганини қайд этишган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётлари яқин келажакда 2 миллиард долларлик маррадан ошиш учун етарли салоҳиятга эгалиги маълум қилинди. Бунга, бошқа чоралар билан бир қаторда, цемент, кўмир, рангли металллар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ўзаро етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкинлиги таъкидланди.

«Саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. 2016 йилга нисбатан қўшма корхоналар сони 8 баробарга ошиб, 320 тага етди. Автомобил ва тижорат техника воситаларини ишлаб чиқариш, қўшма тўқимачилик корхоналарини ишга тушириш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишга келишилди», дейилади вазирлик хабарида.
Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириши тамойили асосида темир, каолин, травертин, базалт конларини ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳар икки иқтисодиётнинг рақобатдош устунликларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бунда интенсив боғлар ва замонавий иссиқхоналарни ривожлантириш, биргаликда картошка, маккажўхори ва гўшт етиштириш, қўшма чорвачилик комплексларини яратиш назарда тутилмоқда.


















