Жаҳон | 11:53 / 27.01.2023
13135
3 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ ҳазил учун африкаликлардан узр сўрашга мажбур бўлди

Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг Жанубий Африкага ташрифи чоғида Германия Ташқи ишлар вазирлиги Twitter'да эълон қилган «қоплон» эмодзиси билан қилинган ҳазил Африка қитъасида шу қадар ғазабга сабаб бўлдики, Берлин узр сўрашга мажбур бўлди.

Фото: Daniel Kalker/picture alliance

Германия ташқи ишлар вазирлиги Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Жанубий Африка Республикасига ташрифи чоғида Германия ТИВнинг Twitter'ида пайдо бўлган қўпол ҳазил учун африкаликлардан узр сўрашга мажбур бўлди. «Биз тушунамиз ва узр сўраймиз. Африкалик ҳамкорларимизни қадрлаймиз», деб ёзди Германия ТИВ 26 январь, пайшанба куни Twitter'да.

Африка қитъасидаги ғазаб бўронига 24 январь куни Twitter'да Германия ТИВнинг инглиз тилидаги блогида пайдо бўлган хабар сабаб бўлди: «Россия ташқи ишлар вазири Лавров Африкага «қоплон»ни кўриш учун эмас, балки Украинанинг шериклари «ҳамма русча нарсани йўқ қилишни хоҳлашини» тўғридан тўғри таъкидлаш учун бўлиб турибди». «Қоплон» сўзи эмодзи ёрдамида тасвирланган. Бундан ташқари, идора матбуот хизмати Россия даъволари учун далиллар рўйхатини тақдим этишга ваъда берди - фақат кейин: «Уларнинг ўзи йўқ» деб хулоса чиқаришга.

Ўша куни кечқурун Африка Иттифоқи раисининг расмий вакили Эбба Калондо Twitter орқали Германия Ташқи ишлар вазирлигига савол билан мурожаат қилди: «Африка одамлари ва ҳайвонлари сизнинг ҳазилларингиз мавзусими?» У яқинда Эфиопияга ташриф буюрган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок у ерга ҳайвонларни кўриш учун келмаганини эслади.

«Африка - бу сафари ўтказиш қитъасидан кўра кўпроқ», дея африкалик фойдаланувчиларнинг кўплаб жавоблари Германия Ташқи ишлар вазирлиги хабарида пайдо бўлди. Баъзилар Берлиндаги вазирликнинг бу ҳазилини «дипломатик фиаско» деб баҳолаган.

«Геосиёсий балл олиш учун даҳшатли стереотипларни тарқатиш орқали Германия дўстлар орттирмайди», деб ёзди Америка Карнеги фондининг Африка дастури директори Зайнаб Усмон.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги қоплон билан чиққан хабар ҳеч кимни хафа қилиш ниятида бўлмаганини тезда маълум қилди. Тушунтирилишича, «қоплон» эмодзиси бир нечта Европа мамлакатлари томонидан Украинага етказиб бериладиган немис Leopard жанговар танкларини англатади. «Биз Россиянинг Украинага қарши империалистик босқинчилик урушини оқлаш учун ишлатаётган ёлғонларини фош қилмоқчи эдик», — дейилади вазирлик баёнотида.

Бунга Калондо жавоб ёзди: «Узр сўраманг. Фақат эҳтиёт бўлинг. Биз сизни ҳурмат қилгандек, бизни ҳам ҳурмат қилинг».

Мавзуга оид