Шлезвиг-Голштейн федерал ҳудудида поезд йўловчиларига пичоқ билан ҳужум уюштирганидан сўнг, жиноятчи 26 январь, пайшанба куни қўлга олинди ва ҳимоясиз ҳолатдаги одамларни ўлдиришда айбланиб, тергов изоляторига жойлаштирилди. У тўртта модда бўйича қотилликда айбланяпти, деб хабар берди Итцехо шаҳридаги прокуратура вакили.

33 ёшли фуқаролиги бўлмаган фаластинлик бир кун аввал Килдан Ҳамбургга кетаётган минтақавий поезд йўловчиларига пичоқ билан ҳужум қилди. Натижада бир-бирини таниган 17 ёшли қиз ва 19 ёшли йигит ҳалок бўлган. Бундан ташқари, икки киши ҳаётига хавф туғдирувчи тан жароҳати олди, яна уч киши оғир тан жароҳати олди. Йўловчилар гумондорни ўзлари зарарсизлантиришга муваффақ бўлишди, поезд Брокштедт шаҳридаги вокзалга етиб келганида полиция уни қўлга олди.

Ушбу ҳодисага нима сабаб бўлгани номаълумлигича қолмоқда. Шу билан бирга, прокуратура вакили буни терроризм билан боғлаш учун асос йўқлигини таъкидлади. Ҳозир ҳибсга олинган фаластинлик Иброҳим А. Германияга 2014 йилда келгани хабар қилинган. 2015 йилдан бери у Шимолий Рейн-Вестфалия ва Ҳамбург полицияси томонидан бир неча бор қўлга олинган, шу жумладан зўравонлик жиноятлари учун. Бундан олдин Иброҳим А. Ҳамбург тергов изоляторидан 19 январь куни озод этилган.