Иқтисодиёт | 10:18 / 27.01.2023
18354
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Banco Santander'га 4 та йўналишда лойиҳаларни молиялаштиришни таклиф этди

Испаниянинг Banco Santander банки ва Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Бўлиб ўтган учрашувда испан томонидан Banco Santander банкининг Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари бўйича лойиҳа гуруҳи раҳбари Давид Плаза ва Ўзбекистон томонидан транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов ҳамда вазирликнинг тегишли бошқарма бошлиқлари иштирок этишди.  

Фото: Дунё АА

Banco Santander банки вакили ҳозирги кунда банк раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда йирик сармоявий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни молиялаштириш орқали Ўзбекистон банк хизматлари бозорига чиқиш имкониятлари ўрганилаётганини маълум қилди. 

«Инвестиция жозибадорлиги, иқтисодиётни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган фаол ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда банк Ўзбекистонни фаол ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши сифатида белгиламоқда, - деди Давид Плаза. - Мамлакатда жадал ривожланаётган соҳалардан бири бўлган транспорт жабҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик лойиҳаларда кредит маблағлари ажратиш масалалари ўрганилмоқда».

Ўзбекистон вакиллари Banco Santander банкига авиация, темирйўл, шаҳар транспорти каби йўналишлардаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда минтақа даражасида режалаштирилаётган давлатлараро янги темирйўлларни қуриш лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этиш таклифини билдирди.

Музокаралар натижасида барча қўшимча маълумотларни алмашиш учун экспертлар даражасида мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид