Пайшанба куни Украина ҳудуди бўйлаб 50 дан ортиқ ракеталар учиб келган. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги хабар бермоқда. Тунда эса мамлакат камикадзе дронлар ҳужумига йўлиққанди - Украина президенти офиси раҳбари ҳисоблашича, Россия бу орқали ёппасига ракета ҳужумларидан олдин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини «банд қилиш»га уринган. Бундан олдинги ҳаво зарбалари вақтида Днипродаги кўп қаватли уйга ракета келиб тушганди.

«Тахминан Мурманск области ҳудудидан олтитача Ту-95 самолётлари ҳавога кўтарилди ва ракеталар учирди. 30 дан ортиқ ракеталар келиши кутилмоқда, уларнинг айримлари аллақачон турли областларда пайдо бўлган, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга киришган», деганди эрталабки телеэфир чоғида Украина ҳаво кучлари расмийси Юрий Игнат.

Кун ўрталарига келиб Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний янги рақамларни эълон қилди. Унга кўра, россияликлар Ту-95, Су-35 ва МиГ-31К самолётлари ҳамда Қора денгиз акваториясидаги кемалардан 55 та ракета учирган (Х-101, Х-555, Х-47 «Кинжал», «Калибр», Х-59). Залужнийнинг баёнотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 47 та қанотли ракетани уриб туширган, шундан 20 таси Киев ҳудудига учиб келганди. Бундан ташқари, тўртта Х-59 русумли бошқарилувчи авиация ракеталаридан учтаси нишонга етиб бора олмаган.

Тонгда бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогалари янгради. Киевда одамлар метрога тушиб яширинди. Шаҳар мэри Виталий Кличко пойтахтнинг икки районида портлашлар рўй берганини хабар қилди - Днипровский ва Голосеевский. 

«Ракеталардан бири Голосеевский районида қурилиш ҳудудига келиб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва икки киши яралангани тўғрисида маълумот бор. Жабрланганлар шифохонага ётқизилган», дея ёзган Кличко телеграм-каналида. Шаҳар маъмурияти хабарида «ракета парчалари» келиб урилиши ҳақида гап кетган.

Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попконинг хабарига кўра, Россия Киев йўналишида турли типдаги 20 га яқин ракета учирган, «ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг фаолияти туфайли» ҳаводаги барча нишонлар уриб туширилган. У шаҳар аҳолисидан ҳаво тревогалари тингунича бошпаналарда қолишни сўраган. Попконинг маълумотига кўра, Киевда ракета парчалари тушиши оқибатида 55 ёшли эркак ҳалок бўлган.

Душанба кунги ҳаво тревогалари чоғида метрога тушган киевликлар. Фото: Reuters

Кейинроқ Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати вакили Олександр Хоружний россияликларнинг 26 январ кунги ҳужумлари оқибатида жами 11 киши ҳалок бўлиб, яна шунча одам яралангани тўғрисида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, ракета ва дрон ҳужумлари Украинанинг 11 ҳудудида қайд этилган.