Жаҳон | 08:22 / 28.01.2023
18311
2 дақиқада ўқилади

Украина: Россия 24 февралга янги ҳужум тўлқинига тайёрланмоқда

Россия 24 февралгача Украинада янги ҳужум тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда, деб маълум қилди мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов. 

Фото: SPUTNIK via REUTERS

«Ҳозирда улар «совет» одамлари эканлигини ҳисобга олиб, максимал фаоллашишга тайёрланмоқда ва улар бир йиллик санага қадар қандайдир ютуқларга эга бўлишлари керак, деб ҳисоблашмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, улар 24 февралгача янги тўлқинга тайёргарлик кўрмоқда, ўзлари шундай гапиряпти. Қайси участкаларда нимадир қилишни исташаётганини тушуниш бор», деди Данилов «Радио Свобода» эфирида. 

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари бир ҳафтадан бери Запорижжя йўналишида Украина Қуролли кучларининг мудофаа қобилиятини ўрганмоқда. 

«Ҳозир эса қўшинларнинг маълум бир тўпланиши мавжуд. Биз буни биламиз, бу борада Россияда нима бўлаётганини тушунамиз», - дея қўшимча қилди Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби. 

Шу билан бирга, Россия Украинага қарши урушда ғалаба қозониш имконияти нолга тенг эканлигини аллақачон тушуниб турибди, деди Олексий Данилов.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Кремлдаги манбаларга таяниб, Владимир Путин Украинада февраль-март ойларидаёқ бошланиши мумкин бўлган янги кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берган эди. 

Путин Россия армияси бир неча ойлик муваффақиятсизликлардан сўнг ташаббусни қайтариб олиши ҳамда Киев ва унинг иттифоқчиларига Россияга босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолиш имконини берадиган қандайдир сулҳга рози бўлишлари учун босим ўтказиши мумкинлигини намойиш қилмоқчи, дейди агентлик суҳбатдошлари.

Мавзуга оид