Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 26 январда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регуляторнинг крипто-активларга инвестиция ва тўлов воситаси сифатидаги позицияси ҳақидаги саволига жавоб берди.
У Марказий банк крипто-активлар масаласига бутун дунё каби жуда консерватив ёндашишини айтди.
«Биз криптовалютани қиммат актив деб ҳисобламаймиз ва унга муносабатимиз салбий», деди у.
Марказий банк раиси “Ўзбекистон резидентларига тўғридан тўғри крипто-активлар олди-сотдисида иштирок этиш тақиқлангани”ни айтди (бироқ бундай эмас).
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Марказий банк раисининг сўзларига раддия билан чиқди. Агентлик Нурмуродов томонидан тақдим этилган маълумотлар эскирган ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
«Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Яъни Марказий банк крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланмайди, шу сабабли унинг вакиллари Марказий банк томонидан тартибга солинмаган соҳага оид баёнотлар беришга ҳақли эмас», дейилади раддияда.
Агентлик Марказий банк раисининг нутқида маҳаллий аҳолининг крипто-активларни сотиб олишда бевосита иштирок эта олмаслиги ҳақида гапирганида эскирган ва ишончсиз маълумотларни келтирганини қайд этди.
«Хусусан, 2019 йилда крипто-биржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидалари тасдиқланди. Мазкур қоидаларда Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржаларда фақат крипто-активлар ва токенларни сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.
2021 йилда крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиб, унда Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-биржаларда крипто-активлар ва миллий валютадаги токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқи, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активлар ва чет эл валютасига токенларни сотиш бўйича операциялар ҳуқуқи тақдим этилди», дейилади хабарда.
















