Ўзбекистонда йил якунига қадар барча автобус маршрутлари аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугун, 31 январ куни жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш бўйича йиғилишда топшириқ берди.
Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Транспорт университети билан биргаликда 1 июлга қадар барча вилоят марказларининг Транспорт бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказиб, уларнинг фикрларини олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Автобуслар паркини кенгайтириш учун ташувчи тадбиркорларга автобус паркини янгилашни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Жумладан:
- ташувчиларни танлашда автобуснинг янгилигига қараб, йўналишда йўловчи ташишнинг кафолатланган муддатлари 7 йилгача узайтирилади (10 ёшдан ошган автобуслар бўйича шартнома тузилмайди);
- тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича ҚҚСни бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилади;
- автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.
Жамоат транспорти йўналишлари бўйича очиқ тендерда автобусларнинг янгилик даражаси асосий мезон этиб белгиланади. Ташувчиларга тўланадиган маблағларни шакллантиришда ҳар йили автобусларнинг 20 фоизини янгилаб бориш харажатлари кўзда тутилади.

Йиғилишда йўлларда автобуслар ҳаракати учун инфратузилма масаласига тўхталиб ўтилди.
Тошкент шаҳридаги 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди.
Бу орқали, автобуслар ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.
















