Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланади.
Белгилаб қўйилишича, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар раиси меҳнат жамоаси раҳбарининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади ва мақоми бўйича уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарор билан тасдиқланган намунавий низом асосида бошланғич ташкилотни тузиш, унинг низомини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлайди.
2023 йил 1 мартдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида, хўжалик бирлашмаларида:
- хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар раислари уларнинг меҳнат жамоаларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, маънавиятини юксалтириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширган ишларининг натижадорлигига қараб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантириб борилади;
- меҳнат жамоаларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашдаги ролини оширишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
- биринчи раҳбарлар «Шахсий намуна» тамойили асосида оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси, жамоада ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда ибрат кўрсатиш орқали ходимларнинг оилаларини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;
- веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали ушбу йўналишда меҳнат жамоаларида амалга оширилаётган ишлар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар маънавиятини юксалтириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашдаги ролини ошириш аҳамияти мунтазам равишда ёритиб борилишини таъминлайди.
Тадбиркорлик субъектларига меҳнат жамоаларида хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларни ташкил этиш тавсия этилади.













