«АҚШ ҳукумати айни вақтда мамлакатнинг материкдаги қисмида юқори баландликда учаётган разведкачи ҳаво шарини аниқлади ва кузатиб бормоқда», дейилади ҳарбий идора хабарида.

Америка нашрларига кўра, Пентагондагилар бу шар - хитойликларники эканига шубҳа қилмаяпти. АҚШ ҳукумати ушбу объект борасида ХХРга сўров юборган.

Оқ уй вакилларидан бирининг айтишича, Вашингтон Пекинга вазиятга жуда жиддий қараётганини билдирган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нин Пекин хабарни текшираётганини маълум қилган.

«Фактлар аниқ бўлмагунича, спекуляция ва шовқин муаммога тўғри ечим топишга ёрдам бермаслигини қайд этиб ўтмоқчиман», деган у жума куни Пекиндаги брифингда.

АҚШ мудофаа вазирлигидагилар эса шар хитойликларники эканига амин.

«Бу Хитой шари эканига ишончимиз комил. Барча махсус хизматларимиз ва ҳарбий таҳлилчиларимиз ҳам шу фикрда», деган Пентагон вакили.

Экспертларнинг сўзларига кўра, бир неча кундан кейин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга ташриф буюришни режалаштирганидан келиб чиққан ҳолда, шар билан боғлиқ ҳодисани сурбетларча чақириқ сифатида баҳолаш мумкин.

АҚШ ҳарбийлари шарнинг разведка маълумотлари йиғиш бўйича самарадорлиги чекланганини тахмин қилишмоқда.

Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс шу кунларда Вашингтондаги Жоржтаун университетида қилган чиқишида Хитойни АҚШ учун энг катта геополитик муаммо деб атаганди.

Уриб туширмасликка қарор қилишган

Америка ҳукумати улкан ҳажми туфайли шарни уриб туширмасликка қарор қилган. Шунга қарамай, қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган.

«Мен аниқ ўлчамларни айтмайман. Бизнинг баҳоларимизга кўра, унинг ҳажми улкан ва агар биз уни уриб туширсак, ерга тушган парчалари қуруқликда вайронгарчиликлар келтириб чиқариши мумкин. У анча юқорида эканига қарамай, учувчилар бу жисмни кўргани ҳақида хабарлар бор», деган Пентагон вакили.

Хабар қилишларича, шар жуда юқорида ҳаракатланаётгани туфайли фуқаролик авиациясига таҳдид солмайди.

«Шар айни вақтда тижорий ҳаво қатновлари амалга ошириладиган баландликдан анча юқорида учмоқда ва қуруқликдаги одамларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди», дейилади Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолат аввалги йилларда ҳам кузатилган.