Украина мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Россия тахминан 500 минг аскарни сафарбар қилган.

«Расман 300 минг киши ҳақида айтишган, аммо биз чегараларимизда қўшинларни кўрганимизда, бизнинг ҳисобларимизга кўра уларнинг сони анча кўпроқ эди», деган Резников французларнинг BFMTV телеканалига берган интервюсида.

Мудофаа вазирининг сўзлари Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Олексий Даниловнинг бир кун олдин айтилган, Россия 2022 йил 24 февралида бўлгани каби шимол, жануб ва шарқдан бир вақтда ҳужум қилишга уриниб кўриши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига мос келади. Ғарбдаги ҳарбий экспертлар ҳам шу каби хавотирлар билдиришган.

Украина мудофаа вазири Францияда бўлиб турибди, у бу ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун MG-200 типидаги қўшимча радарлар сотиб олиш мақсадида музокаралар олиб борди, унинг сўзларига кўра, бундай радарлар қуролли кучларнинг ҳаводаги нишонларни, жумладан қанотли ракеталар ва баллистик ракеталар, шунингдек турли турдаги дронларни аниқлаш имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳарбийларга Донбассни баҳор охирига қадар эгаллашни буюрган. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳам яқинда Москва қатъий ҳаракатга ўтиши ва Украина шарқида катта юриш бошлашга уриниши мумкинлигини тахмин қилганди.

Шу билан бирга, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Путиннинг ҳарбий мақсадлари Украинанинг шарқий регионлари билан чекланиб қолиши кафолатланмаганини айтган.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги ҳам Кремлга яқин манбасига таяниб, Россия бош штаби 2023 йил феврали ёки мартида Украинада янги юриш бошлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди.

Бу огоҳлантиришлар Украина жануби-шарқида вазият кескинлашиши фонида янграмоқда: Донбассда қақшатқич жанглар кетмоқда, февралнинг дастлабки кунларида Россия томони ҳудуддаги Украин ҳарбийларининг асосий базаси жойлашган Краматорскни ўққа тутди, турар жой биноларига ракеталар келиб тушиши оқибатида беш киши ҳалок бўлган, беш киши яраланган.

Украиналик қутқарувчилар ракета зарбаси келиб тушган турар жой биноси харобалари остидан омон қолганларни қидирмоқда
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA

«Россия терроризмини тўхтатишнинг ягона йўли - уни енгишдир. Танклар билан. Қирувчилар билан. Узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар билан», дея бу ҳужумларга муносабат билдирди президент Володимир Зеленский.