Жаҳон | 14:42 / 04.02.2023
13467
2 дақиқада ўқилади

Франция ва Италия Mamba тизимини Киевга беришга қарор қилди

Франция ва Италия SAMP/T-Mamba ўрта масофага мўлжалланган ҳаво мудофаа тизимини жорий йилнинг баҳорида Киевга топширишга қарор қилди. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастьян Лекорню Twitter’да ёзди.

Mamba тизими / Фото: AFP

Себастьян Лекорнюнинг таъкидлаб ўтишича, бу унинг италиялик ҳамкасби Гвидо Крозетто билан қўшма қарор бўлган. Улар зудлик билан Украина мудофаа вазири Олексий Резниковга бу ҳақда хабар беришган.

Лекарнюнинг қайд этишича, SAMP/T-Mamba мажмуаси Украинанинг тинч аҳолиси ва инфратузилмасини Россия ҳужумларидан ҳимоя қилади. 

Аввалроқ Франция ва Австралия Украина учун биргаликда бир неча минг 155 мм артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришга келишиб олганди. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастьен Лекорню Парижда икки давлат ташқи ишлар вазирлари ва мудофаа идоралари учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Лекорнюнинг сўзларига кўра, французнинг Nexter қурол компанияси снарядни тўғридан тўғри ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва бунинг учун зарур порохни Австралия етказиб беради. Ишлаб чиқариш харажатлари ҳам икки давлат ўртасида тақсимланади.

Франция Мудофаа вазирлиги раҳбари ҳамкорлик бўйича эришилган келишувни «мисли кўрилмаган» деб атади. Унинг австралиялик ҳамкасби Ричард Марлес қўшимча қилди: «Бу Франция ва Австралия Украинага у бу можарога бардош бера олиши ва уни ўз шартлари асосида якунлаши учун кўрсатаётган доимий ёрдам даражасининг бир қисмидир».

Мавзуга оид