31 январь куни Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилди. Ўтган ёзда марҳума қизалоқнинг уйида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган 29 ёшли эркак гумонланувчи сифатида қўлга олинди. Ҳодиса жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Hudud24 сайти марҳума қизнинг онаси ва бувиси билан суҳбатни эълон қилди.
“Маҳалламиз ўртасида канал бор. Каналнинг бир тарафи жарлик, у тарафда одам зоти йўқ. Мактабга боришда ўша йўлдан ўтилиши учун хавотирланиб Муслиманинг ота-онасини неварам мен билан туришига кўндиргандим. Кичиклигидан ўзим катта қилганим учун мени ўз онасидай кўрарди. Энди эса ўзимни кечира олмаяпман. Уни шунча ариқ, каналлардан ҳимоя қилиб, биз билан яшашига кўндиргандим, лекин ёнимиздаги ариқдан ўлиги чиқди. Бир қадам ерда ўлиги ётганини билмай, болам мактабдан қайтмади деб қанча масофаларни қидириб чиқибман”, дейди Муслиманинг бувиси Ҳуснора опа.

“Қизим уни ҳамма танишини истарди...”
“Оддийгина оиламиз. Ундан кейин яна икки синглиси бор. Бири кейинги йил мактабга чиқиши керак, бири ҳали 6 ойлик.
Ўша куни қизимга “Мактабинг совуқ бўлса, бормай қўяқол”, дедим. Қизим: “Йўқ, бормасам бўлмайди, ўқитувчим назорат қилади, мен катта одам бўлишим керак”, деди. Инглиз тилини яхши ўқирди, стюардесса бўлмоқчи эди, мени бутун дунё таниши керак дерди. Ўзини эмас, ўлигини таниди ҳамма.
Муслима кеч қолгач, ўқитувчисига телефон қилдик. Бизга ўқитувчиси Муслиманинг дарси тугаганини, уйга кетганини айтди. Сўнг бирга қайтган дугонаси билан гаплашдик. У кўприккача бирга келишганини айтди. Қизим дарвозамизнинг ёнигача келган, шу ердан судраб олиб кетган, уриб-судраб олиб кетган. Бўлмаса, бақирса эшитардик.
Қизим топилавермагач, маҳалла нозирига билдирдик. У қоғозбозлик қилиб, саволлар бериб ўтирибди. Бўлмаса, шу маҳаллада турамиз, бизни танийди-ку. Агар ўша пайти вақт йўқотмай излаганида, балки боламнинг жонини асраб қолармидик.
Кечаси соат ўндан ўтгач, шунда ҳам топилмагандан кейин таслим бўлдим. Ҳеч бўлмаса ўлиги топилармикин деб ўйлай бошладим. Сабаби қизимнинг бирор нарсага чалғийдиган одати умуман йўқ эди, уй манзилини ҳам жуда яхши биларди”, деб йиғлайди Муслиманинг онаси Умида опа.
















