Жаҳон | 16:23 / 04.02.2023
15993
2 дақиқада ўқилади

Украина 116 ҳарбий асирни 63 нафар россияликка алмаштирди

Фото: Андрея Ермака

Навбатдаги асирлар алмашинуви чоғида 116 нафар украиналик аскар ўз ватанига қайтди. Москва маълумотларига кўра, россиялик 63 ҳарбий хизматчи озод этилган. Уларнинг бир қисми БАА воситачилигида алмаштирилган

Россия билан ҳарбий асирларни алмашиш доирасида 116 киши Украинага қайтди. Бу маълумотни 4 февраль, шанба куни Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак тасдиқлади ва Telegram’да гап «Мариупол ҳимоячилари, Херсон партизанлари, Бахмут йўналишидаги снайперлар ва бошқа қаҳрамонлар» ҳақида кетаётганини ёзди.

Ермакнинг сўзларига кўра, қайтганлар орасида Украина Қуролли кучларининг 87 нафар ҳарбий хизматчиси, ҳудудий мудофаанинг саккиз нафар жангчиси, Миллий гвардиянинг етти нафар ходими, Миллий полициянинг олти нафар ходими, солиқ хизматининг беш нафар ходими, икки нафар денгиз флоти хизматчиси ва Давлат фавқулодда вазиятлар хизматининг бир вакили бор. Шу билан бирга, озод этилган ҳарбий асирлардан икки нафари офицерлар, 114 нафари оддий аскар ва сержантлардир, деди Ермак. 

Бундан ташқари, Россия томони ҳалок бўлган хорижлик кўнгиллилар Кристофер Мэтью Перри ва Эндрю Тобиас Мэтьюнинг жасадларини, шунингдек, Франция хорижий легионида хизмат қилган ва уруш бошланганидан сўнг Украинани ҳимоя қилиш учун қайтган марҳум украиналик кўнгилли Евгений Куликнинг жасадини топширди.

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги музокаралар натижасида 63 нафар россиялик ҳарбий Украина асирлигидан озод этилганини маълум қилди. Уларнинг «муҳим тоифа»га мансуб баъзилари Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти воситачилигида алмаштирилган, дея хабар беради Мудофаа вазирлиги. Ушбу «муҳим тоифа» кимлар эканлигини Россия ҳарбий идораси аниқлаштирмади. 

Мавзуга оид