Kun.uz воқеага муносабат билдирган фаоллар фикрини жамлади.
“Бир гуруҳ фаоллар масъулиятни ота-оналар зиммасига юклади”
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев телеграм-каналида Муслима йўқолиб қолган кўчадаги видеокамералар мунтазам ишлаганда қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш эҳтимоли ҳақида ёзаркан, бу масала биргина камера ўрнатиш билан ечилмаслигини таъкидлаган.

“Янгиҳаётда 12 ёшли ўқувчи қиз йўқолиб қолиб, сўнг уйи олдидан мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалган вақтда маълумотлар, ҳар доимгидек, ўлда-жўлда эди. Қўлга олинган гумонланувчи ҳақида билганимиз — у ёзда марҳума яшаган уйда мардикорлик қилгани эди. Бор-йўқ тафсилот шу. Бошида аксарият муносабатлар ҳам шу икки қатор ахборотга таяниб билдирилди.
Бир гуруҳ фаоллар масъулиятни ота-оналар зиммасига юклади — ота-оналар болаларини кўпроқ назорат қилиши кераклиги, иложи бўлса, мактабга ҳам ўзи олиб бориб, ўзи олиб қайтиши зарурлиги ҳақида гапирди. Бошқа бир гуруҳ эса болаларнинг ўзига бегоналар билан иложи борича мулоқот қилмасликни ўргатиш, бегоналар билан ҳеч қаерга бормасликни тушунтириш кераклигини айтди.
Қизнинг онаси ва бувисидан олинган интервьюни кўрган ё ўқигандирсиз. Ҳа, бу фақат битта, бўлганда ҳам жабрланувчи томоннинг гаплари. Лекин унда юқоридаги муносабатларнинг кўпини рад этадиган тафсилотлар бор: қиз одобли, кўчада кеч қолмайди, шу қадарки, мактабдан қайтиши ярим соатга кечикса ҳам сезилади, чунки у кечикмайди, сабаби — доимий назоратда (ота-она фақат бир ишни қилмаган — 12 ёшли қизини мактабга ўзи олиб бориб, ўзи олиб қайтмаган, холос).






















