Жаҳон | 10:15 / 06.02.2023
8731
3 дақиқада ўқилади

Эрон собиқ бош вазири мамлакатда "туб ўзгаришлар"га чақирди

Эрондаги норозилик намойишлари фонида Мир Ҳусайн Мусавий янги конституция бўйича «эркин ва адолатли референдум» ўтказишни таклиф қилмоқда. Мамлакатда Ислом инқилоби куни муносабати билан кенг қамровли амнистия эълон қилинди.

Мир Ҳусайн Мусавий / Фото: fars

Эроннинг энг муҳим ислоҳотчи сиёсатчиларидан бири, собиқ бош вазир Мир Ҳусайн Мусавий Теҳрондаги раҳбариятга қарши бир неча ой давом этган норозилик намойишларидан сўнг, «туб ўзгаришлар»га чақирди. 5 февраль, якшанба куни ўз веб-сайтида эълон қилинган ва маҳаллий ОАВ томонидан тарқатилган баёнотида 81 ёшли сиёсатчи «Эрон ва эронликлар туб ўзгаришларга муҳтож ва бунга тайёр» деб ёзади.

Мусавийнинг айтишича, курд қиз Маҳса Аминий 2022 йил сентябр ойи ўрталарида полиция томонидан ҳибсга олинганидан кейин юз берган ўлими туфайли келиб чиққан норозилик намойишлари «бир-бирига боғлиқ инқирозлар»га асосланган. Булар «иқтисодий, экологик, ижтимоий, қонуний, маданий ва оммавий ахборот воситалари инқирозлари», дея таъкидлайди у. Таниқли ислоҳотчи Эрон ҳокимиятининг ҳозирги «тузилмаси»ни «нотўғри» деб ҳисоблайди ва эҳтимолий янги конституция бўйича «эркин ва адолатли референдум» ўтказишни таклиф қилди. 1979 йилги ислом инқилобида бўлгани каби, халқ Эрон учун «эркинлик, адолат, демократия ва тараққиёт йўлини очиш учун тубдан қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга», деди Мусавий.

81 ёшли сиёсатчи Эроннинг биринчи олий раҳбари оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хомайнийнинг энг яқин ишончли кишиларидан бири эди. У 1981-1989 йилларда мамлакат ҳукуматини бошқарган. Мамлакат бош вазири лавозими бекор қилинганидан кейин 20 йил давомида сиёсатни тарк этди, бироқ 2009 йилда қайтиб келди ва сайловларда консерватив сиёсатчи Маҳмуд Аҳмадинажодга қарши курашди. Мусавий сайловда мағлуб бўлди, шундан сўнг натижалар сохталаштирилганини қайта-қайта таъкидлади. AFP агентлигига кўра, собиқ сиёсатчи 12 йил давомида уй қамоғида бўлган, бироқ унга нисбатан расмий айбловлар қўйилмаган.

Эронда 11 февраль, Ислом инқилоби куни, 1979 йилда шоҳ тузуми ағдарилганига бағишланган давлат байрами муносабати билан мамлакат раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий «яқинда содир бўлган воқеалар бўйича айбланган ёки судланган кўп сонли шахсларни афв этиш ва қамоқ муддатини қисқартиришга рози бўлди», - дейилади 4 февраль куни Хоманаийнинг веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.

Жосусликда, хорижий разведка идоралари билан алоқада, қотилликда ва вандализмда айбланган шахслар амнистияга тушмайди. Қанча маҳбус амнистия қилиниши ҳақида маълумот берилмаган, аммо давлат матбуотига кўра, бу «ўн минглаб» бўлиши мумкин.

Баъзи маълумотларга кўра, Маҳса Аминий ўлими билан боғлиқ намойишлар чоғида Эронда 15 мингга яқин одам ҳибсга олинган. AFP агентлигининг расмий маълумотларга асосланиб хабар беришича, суд ҳокимияти ҳозиргача намойишлар билан боғлиқ 18 кишини ўлимга ҳукм қилган. Халқаро норозиликларга қарамай, тўртта ўлим ҳукми аллақачон ижро этилган.

Мавзуга оид