Жаҳон | 08:42 / 06.02.2023
7947
2 дақиқада ўқилади

Кипрда сайловлар: президент иккинчи турда аниқланадиган бўлди

Кипр собиқ ташқи ишлар вазири Никос Христодулидис президентлик сайловларининг биринчи босқичида етакчилик қилмоқда. Унинг 12 февралдаги иккинчи босқичда рақиби Кипрнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Андреас Маврояннис бўлади.

Фото: EPA

Кипр Республикасида президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. Бундан 5 февраль, якшанба куни эълон қилинган дастлабки расмий натижалар дарак беряпти. Сайловнинг иккинчи босқичи 12 февраль куни бўлиб ўтади.

Сайлов бюллетенларининг деярли 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, биринчи турнинг сўзсиз етакчиси Кипр Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Никос Христодулидис бўлди. Консерватив сиёсатчи 32,04 фоиз овоз олди.

Ҳал қилувчи босқичда қатнашиш ҳуқуқини берувчи иккинчи ўрин учун кескин кураш олиб борилди. Грек-кипр томонининг оролдаги келишув бўйича собиқ бош музокарачиси ва Кипрнинг БМТдаги собиқ вакили, сўл қанот AKEL партияси томонидан қўллаб-қувватланган Андреас Маврояннис 29,59 фоиз овоз олди. Ҳукмрон "Демократик йиғин" (DISY) партияси раҳбари Авероф Неофитуни овоз берганларнинг 26,11 фоизи қўллаб-қувватлади.

Европа Иттифоқига кирувчи Кипр Республикаси президенти халқ овози билан сайланади, ҳукуматни шакллантиради ва бошқаради. Сайловларда фақат грек-кипрликлар иштирок этади. Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси сайловларда овоз бермайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид