Бундай исковуч итлар қандай тайёрланишини биласизми? Айниқса халқ орасида наркотик топадиган итлар атайлаб “наркоман” қилиниши ҳақида гап-сўзлар юради. Бугун мана шулар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли хизмат итлари питомнигида масъуллар хизмат итлари қандай тайёрланиши ҳақида сўзлаб берди. Шу куни ушбу ишга қизиқадиган талабалар ҳам кинология марказига келган экан.
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси, Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жонибек Самандаровнинг ҳикоя қилиб беришича, итни тарбиялаш жараёни метин ирода ва узоқ вақт талаб қилади.

— Хизматга ҳар қандай ит олинавермайди. Ўнлаб кучукваччалар орасидан ходимларимиз унинг ўйноқилиги, чақирганда эътибор беришига қараб танлаб олади. Айтиш жоизки, бир итга фақат бир ходим бириктирилади. Шу ит қаригунча шу бир ходим билан ишлайди. Фақат ит қариб, ярамай кучдан қолганда, ходим бошқа кучукваччани олиб тарбиялай бошлайди.
Итлардан инсон қобилияти етмайдиган ўринларда фойдаланилади. Шунинг учун улар мудом парвариш қилиб борилади. Итларга Нидерландиядан келтирилган махсус емаклар берилади. Улар доим ветеринар назорати остида, — деди Ж.Самандаров.

Питомникда тўртта йўналишда хизмат итлари тайёрланар экан: наркотик моддалар қидирувчи, портловчи моддалар изловчи, из олувчи ва қўриқловчи итлар.
Шу куни ёмғир ёғаётганига қарамасдан ходимлар кўргазмали чиқиш қилиб беришди. Дастлаб хизмат итлари буйруқларни қандай бажариши кўрсатилди.
Немис овчаркаси зотли хизмат ити аввал овозли буйруқларни, кейин имо-ишора билан берилган буйруқларни адашмасдан бажарди. Белгия овчаркаси зотли хизмат ити эса акробатик трюклар, ходим билан бир сафда юришни кўрсатиб берди.














